Германия терма жамоасини жаҳон чемпиони қилган машҳур мураббий Йоахим Лёв яна катта футболга қайтишга тайёрланмоқда.
Сўнгги кунларда ОАВда тарқалган хабарларга кўра, Лёв билан Ўзбекистон футбол Ассоциацияси музокаралар олиб бормоқда. Мутасаддилар томонидан бу расман тасдиқланмаган бўлса-да, 65 ёшли мутахассиснинг сўзлари ушбу эҳтимолни янада мустаҳкамлади.
Жумладан, Лёв Германиянинг Руст шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда журналистлар саволига жавобан сўнгги ҳафталарда бир нечта клуб ва бир миллий терма жамоадан таклиф олганини маълум қилди.
«Мендан сўрашмоқда: суҳбатга тайёрманми, қизиқишим борми? Бу таклифлар сўнгги бир-икки ҳафта ичида бўлди», — деди у.
У ҳозирда таклиф берган жамоаларни ўрганаётганини ва бу ҳақда жиддий ўйлаётганини айтди. Навбатдаги босқичда эса у масъул шахслар билан учрашиб, «ҳамкорлик қилишга арзийдими, ўзаро мос келамизми» деган саволларга жавоб топмоқчи.
Унинг таъкидлашича, яшаш жойи бўлган Фрайбургни тарк этиш нияти йўқ, аммо қисқа муддатли мураббийлик фаолиятини истисно қилмаяпти.
Маълумот учун, Лёв 2006–2021 йиллар давомида Германия терма жамоасини бошқарган ва 2014 йилда Бразилияда жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. Унинг клуб даражасидаги фаолияти «Штутгарт», «Фенербахче» ва «Австрия Вена» жамоалари билан боғлиқ.