Россияда мигрант болаларни умумий таълим мактабларига қабул қилиш учун жорий этилган рус тили билимига оид тест синовига 1762 аризадан фақат 335 таси тасдиқланди. Бу — 19 фоизга тенг. Рособрнадзорга кўра, рад этиш ҳолатлари ҳужжат тўлиқ эмаслиги, нотўғри маълумотлар ва мактаблардаги бўш ўринларнинг йўқлиги билан изоҳланди.
Тест синовидан ўтган 44 боладан фақат 27 нафари (61 фоизи) талаб даражасида натижа кўрсатган. Янги тартиб 2024 йил декабрида қабул қилинган ва 2025 йил 1 апрелдан амалга кирган. Унга кўра, мактабга кирувчи ҳар бир бола рус тилида гапириш, тинглаш, ўқиш ва ёзишни белгиланган баллар асосида билиши керак.
Биринчи синф учун гапириш ва эшитиш кўникмалари, иккинчи синфдан эса ўқиш ва ёзиш ҳам талаб қилинади. Масалан, биринчи синф учун 10 баллдан 9 балл, ўн биринчи синф учун 24 баллдан 22 балл талаб этилади. Ўқитувчиларнинг таъкидлашича, бу талаблар мигрантларнинг болалари учун оғир тўсиқ яратиб қўймоқда.
Мутахассислар буни 2024 йил март ойидаги «Крокус Сити Ҳолл»даги террорчилик актидан сўнг бошланган аксилмигрант сиёсат билан боғлаяпти. Шу билан бирга, ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатлари узайтирилган, ИИВ томонидан ота-оналарнинг Россияда қолиш қонунийлиги текшириляпти.
Президент Владимир Путин рус тилини билмайдиган болаларни қабул қилмасликни қўллаб-қувватлади. У бундай болаларни ўз ватанларида тайёрлаш мақсадида Марказий Осиёда рус мактабларини очишни таклиф этди.