Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайдиган Низомни тасдиқлади. Қарорда қайд этилишича, мазкур нафақа “E-probatsiya” ахборот тизими орқали тайинланиб, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади.
Нафақа олиш учун мурожаатлар туман ва шаҳар пробация бўлинмалари томонидан кўриб чиқилади. Тайинланган маблағлар тижорат банклари ёки бошқа ихтисослашган ташкилотлар орқали, фуқароларга нақд пул ёки банк карталари орқали етказиб берилади.
Молиялаштириш жараёнида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳар ой тўланган нафақалар умумий суммасидан кам бўлмаган миқдорда маблағни махсус ҳисобвараққа ўтказади. Тўловлар “Ягона реестр” ахборот тизими орқали қайд этилади.
2025 йил 1 сентябргача “E-probatsiya” тизими “Ягона реестр”га интеграция қилинади. Бу нафақа тайинлаш ва тўлаш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш имконини беради.
Низомга кўра, нафақа Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган Ўзбекистон фуқаролари, мамлакатда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тааллуқлидир.