Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси 17 июл куни Тошкент шаҳрида қурилиш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этмоқда. Тадбир соат 15:30 да Wyndham Tashkent меҳмонхонасида бўлиб ўтади. Унда бизнес-омбудсман офиси, ССП ҳамда бир қатор масъул идоралар вакиллари иштирок этади.
Мулоқот давомида тадбиркорлар дуч келаётган муаммо ва тўсиқлар, уларни олдини олиш ҳамда ҳал этиш чоралари муҳокама қилиниши режалаштирилган. Шу орқали тадбиркорлар овози давлат идоралари ва масъул ташкилотларга етиб бориши таъминланади.
ССПнинг маълум қилишича, мазкур тадбир Президентнинг бизнес вакиллари билан анъанавий очиқ мулоқотига тайёргарлик доирасидаги тадбирлардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, 18 июл куни соат 9:30 да мева-сабзавот маҳсулотлари экспортчилари, 15:30 да эса аудиторлар, бухгалтерлар ва солиқ маслаҳатчилари билан алоҳида учрашувлар ўтказилади.
19 июл куни соат 9:30 да тўқимачилик саноати вакиллари билан мулоқот ташкил этилади. Барча тадбирлар бир хил манзилда — Wyndham Tashkent меҳмонхонасида бўлиб ўтади.