Скалпел учун 10 минг доллар: бизнес эгалари тиббиётдаги ҳаддан ташқари божлардан норози

17:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Тадбиркорларнинг айтишича, Ўзбекистонда импорт тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказиш жараёни жуда қимматга тушмоқда. Оддий скалпелни расмийлаштириш учун 10 минг доллар сарфланиши, хорижий компанияларни бозордан четлаштирмоқда.

Ssp1

Савдо-саноат палатасида 15 июл куни бўлиб ўтган очиқ мулоқотда HAYAT клиникалари тармоғи раҳбари Нуриддин Нуритдинов тиббий асбоб-ускуналарни рўйхатдан ўтказишга оид муаммоларни кўтарди. Унинг сўзларига кўра, пинцет ва скалпеллар каби оддий асбобларни рўйхатга олиш учун давлат божи БҲМнинг 84 бараварига тенг — тахминан 31,5 млн сўм. Агар скалпел 10 хил модификацияга эга бўлса, бу миқдор 86 млн сўмга етади.

Нуритдинов таъкидлашича, расмийлаштириш харажатлари 10 минг долларгача етиши мумкин. Солиштириш учун, Қозоғистонда ушбу жараён атиги 400–500 долларни ташкил қилади. Шу сабабли Германия компанияси Ўзбекистон бозорида иштирок этишдан бош тортган.

Ушбу вазият нафақат инвесторларни, балки ички бозордаги тиббий муассасаларни ҳам қийин аҳволга солмоқда. Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовнинг маҳаллий аналоглар мавжудлиги ҳақилаги саволига Нуритдинов маҳаллий маҳсулотлар етарли даражада сифатли эмаслигини айтди. Шу боис, клиникалар кўпинча импорт асбобларга муҳтож бўлиб қолмоқда, аммо уларни расмийлаштириш ортиқча юк бўлмоқда.

Euro Stom Dental Clinic раҳбари Юсуф Жўраев ҳам шунга ўхшаш муаммога тўқнашган. У Жанубий Кореядан келтирилаётган $8 тиш имплантини рўйхатдан ўтказиш учун 5 минг доллар тўлаш талаб этилишини маълум қилди. У стоматологик маҳсулотлар учун божларни пасайтиришга чақирди.

Айни пайтда, мазкур тартиб Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган прейскурант асосида амалга оширилади. Лекин ҳам вазирлик, ҳам боғлиқ марказ сайтида нархлар очиқ эълон қилинмаган. Бизнес вакиллари бу ҳолатни шаффофлик етишмаслиги ва асосланмаган харажатлар билан боғламоқда. Улар тизимли, оқилона ва шаффоф ечимларга эҳтиёж борлигини таъкидламоқда.