Июл ойида кам таъминланган оилаларга 340 млрд сўм ёрдам пули берилди

17:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Июл ойида 621 минг оилага болалар нафакаси ва моддий ёрдам сифатида 340,9 млрд сўм тўлаб берилди.

Кам таъминланган оилаларга нафақа ва моддий ёрдам пуллари молиялаштирилди, деб хабар бермоқда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги. Унга кўра, 2025 йил июл ойида 621,6 мингта кам таъминланган оилага жами 340,9 млрд сўм ижтимоий тўловлар молиялаштирилган.

Молиялаштирилган маблағнинг 330,4 млрд сўми 597,5 минг оилага болалар нафақаси тариқасида; 10,5 млрд сўм эса 24,4 минг оилага моддий ёрдам сифатида ажратилган.

Тўловларнинг 94,7 фоизи — 589,5 минг оилага банк карталари орқали амалга оширилмоқда. Қонунчиликка мувофиқ, нафақани нақд пулда олувчилар учун тўловлар «Халқ банки»нинг сайёр кассалари орқали 27 июлгача етказиб берилади.

Шунингдек, 2025 йилнинг биринчи ярмида 48,7 минг нафар фуқарога ижтимоий тўлов тайинланганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Бундан ташқари, 2025 йил июн ойида 32,2 минг фуқарога 37,2 млрд сўм миқдорида бир марталик нафақа тўлаб берилган. Уларнинг 15,9 млрд сўми янги туғилган болалар учун «суюнчи» сифатида, 21,3 млрд сўми эса дафн маросими харажатлари учун ажратилган.