Ўзбекистон Миллий банки (Ўзмиллийбанк) 2025 йилнинг биринчи ярмида 1 трлн сўм миқдорида соф фойда қайд этганини маълум қилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,4 фоизга ошган.
Молиявий ҳисоботда айтилишича, январ–март ойларида банк 467,9 млрд сўм, апрел–июн ойларида эса 537,4 млрд сўм соф фойда кўрган. Ярим йилликнинг умумий натижаси 1 трлн сўмни ташкил этди.
Фойизли даромадлар 8,4 трлн сўмга етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,3 фоизга ўсган. Банкнинг фойизсиз даромадлари эса 5,2 трлн сўмни ташкил этган ва бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 22,5 фоизга кўпдир.
Шу билан бирга, банк харажатлари ҳам ошган. Жумладан, ходимларга иш ҳақи ва бошқа сарф-харажатлар учун 593,1 млрд сўм йўналтирилган. Давлат бюджетига эса 163,7 млрд сўм миқдорида даромад солиғи тўланган.
Ўзмиллийбанк мамлакатдаги энг йирик молиявий муассасалардан бири бўлиб, унинг фаолияти иқтисодиётнинг турли тармоқларини кредитлаш ва молиялаштириш билан узвий боғлиқ.