Тошкент фонд биржасидаги савдолар 17 баробарга ошди

18:45 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг биринчи ярмида Тошкент фонд биржасидаги умумий савдо ҳажми 12,02 трлн сўмга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17 баробар кўп. Савдолар ҳажми ортишига қарамасдан, битимлар сони камайган.

Fond birja

Тошкент фонд биржаси 2025 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ҳисобот эълон қилди. Унга кўра, умумий савдо ҳажми 12,02 трлн сўмни ташкил этди. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 11,3 трлн сўмга кўп бўлиб, 17 баробар ўсишни англатади.

Биржа маълумотларига кўра, ушбу маблағнинг 48,26 фоизи, яъни 5,8 трлн сўми, котировка вароқчасига киритилган қимматли қоғозлар орқали амалга оширилган. Қолган қисм эса биржадан ташқари бозордаги битимлар ҳиссасига тўғри келади.

Шу билан бирга, умумий савдолар ҳажми ортганига қарамасдан, битимлар сони пасайган. Жами 214,8 минг битим амалга оширилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 59,5 мингтага кам. Уларнинг 181,9 мингтаси акциялар, 32,9 мингтаси эса биржадан ташқари савдоларга тўғри келган.

Акциялар бозорида савдолар ҳажми 5,31 трлн сўмга етди. Бу 4,92 трлн сўмга ёки 14 баробарга ошган. Бозордаги битимларнинг аксар қисми — 5,1 трлн сўм — FoP платформаси орқали амалга оширилган. Акцияларнинг бозор капиттализацияси 354,2 млрд сўмга ўсиб, 242,77 трлн сўмга етди.

Облигациялар бозорида эса савдолар ҳажми 493,1 млрд сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 баробарга ошган. Облигацияларнинг умумий бозор қиймати 1,46 трлн сўмга тенг бўлди.

Биржадан ташқари савдо майдончасида 32,9 мингта битим амалга оширилиб, савдолар ҳажми 6,22 трлн сўмга етган. Бу ўтган йилга нисбатан мос равишда 17,3 фоиз ва 23 баробарга ошишни кўрсатади.