Ўзбекистонда пуллик йўллар учун ҳуқуқий база яратилади

14.05.2025 14:35 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент Мирзиёев йўл инфратузилмасини янгилаш, юк машиналари ҳаракатини назорат қилиш ва пуллик йўллар тизимини жорий этишга доир топшириқлар берди. Шунингдек, 13 минг км йўлга шағал ётиш режалаштирилган.

Prezident yol

13 май куни Шавкат Мирзиёев йўл хўжалигида амалга оширилган ишлар ва келгуси лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Сўнгги икки йилда йўл қурилиши ва таъмирига 26 трлн сўм йўналтирилиб, 40 минг км йўл ва 540 кўприк таъмирланган. 2025 йилда эса 7 минг км йўл, 231 кўприк таъмирланиши ва 13 минг км тупроқ йўлларга шағал ётиш кўзда тутилган.

Қолаверса, 400 км цементбетон йўллар ва 72 та йўл сервис мажмуаси барпо этилади. Хорижий молия институтлари иштирокида 1200 км йўл реконструкцияси бўйича 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Яна 4 та янги лойиҳа — А-380 трассасини Тўрткўл ва Беруний шаҳарлари четига кўчириш, Қорақалпоғистон ва Хоразмда 516 км йўлни таъмирлаш, Термиз–Денов ва Сирдарё–Бахт йўлларида цементобетон қоплама қурилиши режалаштирилган.

Қамчиқ довонида барпо этилган вазн назорати пости каби инфратузилмалар бошқа юк йўлларига ҳам жорий этилади. Автомобил йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсуновнинг таъкидлашича, бу лойиҳалар учун ОТБ, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлар маблағлари жалб этилади.

Йиғилишда «Автомобил йўллари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири тайёрланаётгани айтилди. Янги қонун йўл фаолиятини режалаштириш, жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва пиёдалар учун инклюзив муҳит яратишни мажбурий қилиб белгилайди.

Қонун лойиҳаси орқали пуллик йўлларнинг ҳуқуқий асоси, йўлбўйи сервислари жойлашуви ва юк транспорти ҳаракати ҳуқуқий тартибга солинади. Шунингдек, коммуникация тармоқлари ўтказиш туфайли йўлларга етказиладиган зарарини қоплаш механизми ҳам киритилади.