10 мингдан ортиқ обуначига эга блогерларга мажбуриятлар белгиланмоқда

14.05.2025 16:58 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ обуначига эга блогер ва инфлюенсерлар учун қўшимча мажбуриятлар жорий этилиши мумкин. «Онлайн-платформалар фойдаланувчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Bloger

Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида эълон қилинган қонун лойиҳасига кўра, онлайн-платформа ва веб-сайтларда ноқонуний контент тарқатилиши тақиқланади. «Инфлюенсер» деб 10 мингдан ортиқ обуначига эга блогерларга таъриф берилган ва уларга қатор юридик мажбуриятлар юклатилмоқда.

Инфлюенсерлар контент умумий фойдаланишга чиқарилишидан олдин унинг ҳаққонийлигини текшириши, шахснинг шаъни ва ташкилот обрўсига путур етказувчи ёлғон ахборотни тарқатмаслиги ва бундай контент юборилишига йўл қўймаслиги шарт. Улар ўз аккаунти ёки сайтидаги фикр-мулоҳаза ва изоҳлар бўлимларини мониторинг қилиши, ноқонуний контент аниқланса, зудлик билан олиб ташлаши керак.

Қонун лойиҳасига кўра, инфлюенсерлар ёлғон ахборот тарқатилган тақдирда уни ўчириши ёки махсус белгилар орқали унинг ёлғон эканини кўрсатиши шарт. Шунингдек, улар мурожаатлар учун алоқа маълумотларини очиқ жойлаштириши ва жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни амалга оширмаслиги лозим.

Онлайн платформалар эгалари суд қарорларини мунтазам бажармаган ҳолда, платформа фаолиятига нисбатан интернет тезлигини пасайтириш тўғрисидаги талаблар юзага келиши мумкин.