Ўзбекистонда зўравон шахслар учун мажбурий психокоррекцион дастур жорий этилади

11:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда зўравонлик содир этган ёки унга мойил бўлган шахслар психологлар иштирокида махсус тузатув дастурларини мажбурий тарзда ўташлари шарт қилиб қўйилади. Бу чора уларнинг хатти-ҳаракатини ўзгартириш ва келгусидаги таҳдидларни бартараф этишга қаратилган.

Ruhiy kasal

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 июл кунги қарорига кўра, ҳар бир ҳолат учун алоҳида ишлаб чиқиладиган коррекцион дастурлар «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Дастур доирасида шахснинг шахсий ривожланишидаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган психологик-педагогик таъсир – психокоррекция ҳам амалга оширилади.

Дастур муддати бир ойгача бўлиши мумкин. Унинг бажарилиши маҳаллий ҳокимият органлари, меҳнат, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, маҳалла фаоллари ҳамда хотин-қизлар ва ёшлар ишлари бўйича тузилмалар томонидан таъминланади. Дастурга давлат муассасаларида рўйхатдан ўтган психологлар ёки грантлар асосида жалб этилган мутахассислар жалб қилинади.

Ички ишлар вазирлигига 1 октябрга қадар коррекцион дастурлар ишлаб чиқишда иштирок этадиган психологлар рўйхатини шакллантириш топширилди. Бу мутахассисларни таълим ва соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳар олти ойда таклиф этиб боради.

Агрессор учун тузилган иш режаси профилактика инспектори томонидан икки иш куни ичида тузилиб, «Инсон» маркази билан келишилади ва туман ҳокимининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари томонидан тасдиқланади.

Дастурни ўташ жараёни тўғрисидаги маълумотлар «E-ijtimoiy profilaktika» ахборот тизимидаги «E-tuzatish dasturi» модулига киритилади.