Исроил Ғазодаги ягона католик черковига зарба берди

10:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Исроил армияси 17 июл куни Ғазо шаҳридаги ягона католик ибодатхонаси — Муқаддас оила черковига ҳаво зарбасини йўллади. Ҳужум натижасида икки аёл ҳалок бўлди, етти киши жароҳатланди.

Cherkov

Черков ҳудудида Исроил отишмаларидан паноҳ топганлар бўлган. WAFA агентлиги маълумотига кўра, ҳалок бўлган аёллар ҳам шу бошпана излаб келган фуқаролардан бўлган. Жароҳатланганлар орасида икки нафарининг аҳволи оғирлиги таъкидланган.

Ҳодиса пайтида аргентиналик католик руҳонийси Габриэл Романелли ҳам жароҳат олган. У марҳум Рим папаси Францискнинг яқин дўсти ва ишончли шахси сифатида танилган. Қуддус Лотин Патриархияси унинг жароҳати енгил эканини, лекин бошқа жароҳатланганларнинг ҳолати жиддий эканини маълум қилди.

Воқеадан сўнг, католикларнинг руҳий етакчиси ва Рим папаси Лео XIV зарбадан чуқур афсусда эканини билдирди. У Ғазодаги Муқаддас оила черковига қилинган ҳужумни кескин қоралаб, дарҳол ўт очишни тўхтатишга чақирди.

Черков Лотин орденига тегишли бўлиб, Ғазодаги христиан жамоатининг ягона расмий ибодат маскани ҳисобланади. Ҳужум халқаро майдонда ҳам кескин муҳокама қилинмоқда.