Дам олиш кунларида ҳам жазирама иссиқ сақланади

12:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 18–20 июл кунлари жуда иссиқ ва қуруқ об-ҳаво шароити ҳукмрон бўлиб қолади. Жанубдан кириб келаётган ҳаво оқимлари ҳароратни кескин ошириши мумкин.

Issiq

Ўзгидромет маълумотига кўра, дам олиш кунлари республика бўйлаб кундузи ҳарорат +40…+43 даражагача, жанубий ва чўл ҳудудларда эса +44…+45 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Тошкент шаҳрида тунда ҳам ҳаво ҳарорати +24…+27 даражадан пастга тушмайди.

Фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жума ва якшанба кунлари иссиқлик бироз пасайиши мумкин. Бу ҳудудларда ҳарорат +35…+38 даража атрофида бўлади. Қолган вилоятларда термик депрессия таъсири туфайли қаттиқ иссиқлик сақланиб қолади.

Айрим ҳудудларда шамол тезлиги 13–18 м/с гача кучайиши ва бундан келиб чиқиб чанғ-тўзонлар кузатилиши мумкин. Бу, айниқса очиқ майдонларда фаолият юритаётганлар учун хавф туғдириши мумкин.

Мутасаддилар аҳолини қаттиқ иссиқдан ҳимоя қилиш чораларини кўришга, қуёш тўғридан-тўғри тушадиган соатларда кўчада юрмасликка чақирмоқда. Тана суюқлик балансига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этиляпти.