Украинада хорижий компанияларга қуролларини фронтда синовдан ўтказишни таклиф этди

14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Украина хорижий қурол ишлаб чиқарувчи компанияларга янги технологияларни жанг майдонида синовдан ўтказиш имконини таклиф қилмоқда. Бу ташаббус орқали Украина ҳам, инвесторлар ҳам аниқ натижаларга эга бўлишни мақсад қилмоқда.

Ukraina qurollanish

Reuters агентлиги хабар беришича, Украина ҳукумати томонидан ташкил этилган Brave1 номли платформаси «Украинада синов» деб номланган янги лойиҳани бошлади. Бу ташаббусга кўра, хорижий қуролсозлар ўзининг энг илғор ҳарбий технологияларини Украинага юбориб, уларни реал жанг шароитида текшириб кўришлари мумкин бўлади.

Brave1’нинг инвесторлар билан алоқалар бўлими раҳбари Артём Морознинг сўзларига кўра, бу икки томонлама фойда беради: компаниялар учун ўз қуролларининг ҳақиқий фронтда қандай ишлаётганини билиш имкони, Украина учун эса мавжуд замонавий технологиялардан хабардор бўлиш.

Мороз лойиҳага катта қизиқиш мавжудлигини айтди, бироқ ҳозирча иштирокчи компаниялар номи очиқланмаган. Унга кўра, Brave1 жангда синовдан ўтказиш керак бўлган устувор ҳарбий технологиялар рўйхатини тайёрлаган. Улар орасида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, дронларга қарши қурилмалар, сунъий интеллект асосидаги ҳимоя воситалари ва ўзи нишонни излаб топувчи бомбаларга қарши ечимлар бор.

Шунингдек, синов учун сувда ҳаракатланувчи дронлар, ердаги электрон кузатув воситалари ва сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган янги нишонга олиш тизимлари ҳам ажратилган. Бу қуроллар Украина армияси томонидан фронтда текширилиб, натижалар тўғрисида ишлаб чиқарувчи компанияларга ҳисобот тақдим этилади.

Аввалроқ Римда ўтган Украина тикланиш конференцияси (URC25) доирасида Украина рақамли трансформация вазири Михаил Фёдоров ва Еврокомиссия вакили Андрюс Кубилюс BraveTech EU ташаббусини эълон қилган эди. Унга кўра, Европа ҳарбий техно-стартаплари Еврокомиссиядан молиялаштириш олиб, ўз қурилмаларини Украинада бевосита фронтда синовдан ўтказиш имконига эга бўлади.