Келтирилган маълумотларга кўра, Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Божхона қўмитаси томонидан ўтказилган ҳамкорликдаги тезкор тадбир давомида Наманган вилояти «Учқўрғон» божхона постида фаолият юритувчи инспектор пора билан қўлга тушди.
1993 йилда туғилган, Давлатобод туманида яшовчи мазкур шахс Тошкент халқаро аэропортида ишловчи таниши орқали 57 дона iPhone 16 Pro Max телефон қурилмасини IMEI-коди асосида рўйхатдан ўтказиб бериш учун ҳар бир телефондан 100 доллардан жами 5700 доллар талаб қилган. Шунингдек, аввалроқ бир фуқаро томонидан декларациясиз олиб кирилган кийим-кечак учун чора кўрмагани учун яна 400 доллар талаб қилган.
Инспектор 11 ва 14 июл кунлари жами 900 доллар эквивалентида 11 млн 317 минг сўмни ўз ва қариндошига тегишли банк пластик карталарига ўтказдириб олган. 16 июль куни эса 1000 доллар миқдоридаги 12 млн 550 минг сўмни яна қариндоши картасига ўтказдирган пайтда ушланган.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди ва унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.