Лула да Силва: «Трамп дунё императори эмас, фақат АҚШ Президенти»

15:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Бразилия раҳбари АҚШнинг эҳтимолий иқтисодий босимига кескин жавоб қайтарди ва суверенитетни ҳимоя қилишни таъкидлади.

De silva

Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва АҚШ раҳбари Доналд Трампнинг мамлакат ички ишларига аралашувини танқид қилди. CNN телеканалига берган интервьюсида Лула «Трамп дунё императори эмас, фақат АҚШ Президенти», дея баёнот берди. У бу сўзларни Трамп Бразилияга 50 фоизлик тариф жорий этиш билан таҳдид қилганидан сўнг айтди.

Маълумотларга кўра, Трамп ушбу таҳдидни Truth Social ижтимоий тармоғидаги пости орқали билдирган ва буни Бразилиянинг собиқ Президенти Жаир Болсонаруга қарши суд иши билан боғлаган. Болсонару 2022 йилги президентлик сайловларидан сўнг ҳокимиятни агдаришга уринишда айбланмоқда. Агар айб исботланса, у 40 йилдан зиёд қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Лула Трампнинг босимига жавобан, Бразилияда суд мустақил эканини ва Президент унинг фаолиятига аралаша олмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Болсонару шахсий муносабат учун эмас, балки давлат тўнтаришига уриниш ҳаракати учун судга тортилаяпти.

«Бу таҳдидни аввал шунчаки ёлғон хабар деб ўйлаганман. Бундай сўзлар мен учун жуда нохуш бўлди», – деди Лула. У, шунингдек, агар Трамп солиқларни жорий этса, Бразилия ҳам жавоб тариқасида ўз тарифларини жорий қилишини билдирди.

«Биз мажбурлашни эмас, музокараларни хоҳлаймиз. Агар Трамп ҳам музокарага тайёр бўлса, биз ҳам тайёрмиз. Эн муҳими – ўзаро ҳурмат», – деди Бразилия раҳбари.

Сўзининг якунларида у Трампни АҚШ Президенти сифатида тан олишини, лекин уни дунё императори деб ҳисобламаслигини айтди: «Мен Бразилия Президентиман. У эса АҚШ Президенти. Унга америкалик халқ овоз берган.»