Бу лойиҳа Президентнинг 2025 йил 24 мартдаги ПҚ-118-сон қарори асосида амалга оширилмоқда. Унга кўра, замонавий технологиялар асосида чиқиндиларни қайта ишлаш йўлга қўйилиб, соҳага тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилади.
18 июл куни Самарқанд шаҳридаги «Хушрав» қишлоғида жойлашган «Наврўз» маҳалласида 15 гектар майдондаги завод қурилиши расман бошланди. Маросимда агентлик директори Шарифбек Ҳасанов, вилоят ҳокими ва Хитойнинг Shanghai SUS Environment компанияси вакиллари иштирок этди.
Заводнинг умумий қиймати 150 млн доллар бўлиб, лойиҳа 2025–2027 йилларда босқичма-босқич ишга туширилади. У кунига 1500 тонна чиқиндидан қайта ишлаб, йилига 240 млн kWh электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, 150–200 та янги иш ўрни яратилади.
«Ўзэнергосотиш» компанияси 30 йил мобайнида тайёр энергияни кафолатли харид қилиш бўйича келишув имзолаган. Президент томонидан маъқулланган бу лойиҳа мамлакатда яна 8 та шунга ўхшаш завод қурилишини ҳам назарда тутади. Ушбу ташаббуслар Ўзбекистоннинг экологик барқарорлиги ва келажак авлодлар учун тоза муҳит яратишга хизмат қилади.