Колумбия пойтахти Боготада ўтказилган саммитда бир гуруҳ давлатлар Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларига қарши қатъий чоралар кўришга келишиб олди. Мамлакат раҳбарлари халқаро ҳуқуқнинг бузилиши ҳолатларига қарши жиддий муносабат билдирмоқда.
Учрашув 16 июл, чоршанба куни якунланган. Унда 30 га яқин давлат – жумладан Туркия, Колумбия, Жанубий Африка, Малайзия, Ироқ, Куба, Индонезия ва бошқалар иштирок этди. Бироқ фақат 12 давлат якуний баёнотни имзолади. Бу ҳужжатда Исроилга қарши қуйидаги аниқ олтита чора назарда тутилган:
- Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатиш;
- Ҳарбий ҳамкорликни якунлаш;
- Суд орқали жавобгарликни кучайтириш;
- Исроил компанияларига нисбатан иқтисодий чекловлар жорий этиш;
- БМТ доирасида босимни кучайтириш;
- Ғазодаги фуқароларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро механизмларни ишга тушириш.
Бу қарорлар, айниқса, Колумбия президенти Густаво Петро ташаббуси билан чақирилган саммит доирасида илгари сурилди. Иштирокчилар бу санкцияларни Исроилнинг халқаро қонунларни бузган ҳаракатларига жавобан адолатли чора сифатида баҳоламоқда.
Учрашувни ким ташкил қилди?
Бу учрашув 2025 йил январда ташкил этилган «Ҳаага гуруҳи» томонидан уюштирилди. Гуруҳнинг мақсади — Исроилнинг Фаластин ҳудудларини босиб олишини тўхтатиш учун Жанубий яримшардаги давлатларни бирлаштириш.
Гуруҳ номи Ҳаагадаги Халқаро жиноят судига ҳурмат сифатида қўйилган. Айнан шу суд Исроилдан Ғазодан ва Ғарбий Соҳилдан қўшинларини олиб чиқишни талаб қилган эди. Гуруҳнинг ижрочи котиби Варша Гандикута-Неллутла шундай деди: «Бугун биз жазосизлик даврини тугатяпмиз. Энди биргаликда ҳаракат қилиш вақти келди».
«Ҳаага гуруҳи» ҳақида
«Гаага гуруҳи» — бу 2024–2025 йилларда шаклланган халқаро ташаббус бўлиб, унинг асосий мақсади Исроилнинг Ғазо секторида амалга оширган ҳарбий ҳаракатлари ва инсон ҳуқуқлари бузилишларига ҳуқуқий жавобгарлик чораларини кўришдан иборат. Гуруҳ ўз номини Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида жойлашган Халқаро жиноий суд (ХЖС)дан олган бўлиб, айнан шу суд орқали Исроил расмийларига нисбатан жиноий иш очиш ва уруш жиноятлари бўйича терговлар олиб боришни талаб қилмоқда.
«Гаага гуруҳи» Колумбия, Жанубий Африка, Боливия, Куба, Никарагуа, Малайзия, Эрон, Туркия, Бангладеш каби давлатлар ташаббуси билан шаклланган бўлиб, бу мамлакатлар Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини халқаро ҳуқуқ, хусусан инсониятга қарши жиноятлар доирасида кўриб чиқилишини истамоқда. Ушбу давлатлар Исроилга нисбатан қурол эмбаргоси жорий этиш, ҳарбий ҳаракатларга алоқадор амалдорлар ва корпорацияларни жазолаш, иқтисодий санкциялар қўллаш, шунингдек, Фаластин аҳолисининг халқаро даражадаги ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш тарафдори бўлиб чиқди.
Гуруҳнинг энг фаол аъзоларидан бири бўлган Колумбия президенти Густаво Петро бу ташаббусни «халқаро адолат сари тарихий қадам» деб баҳолаган. 2025 йил бошларида гуруҳ Исроил амалдорларига қарши Халқаро жиноий судга далиллар тўпламини топширди. Шунингдек, улар Фаластинда рўй бераётган ҳарбий ҳаракатларни ҳужжатлаштириш ва жиноятлар тўғрисида халқаро тергов бошланиши учун дипломатик ва ҳуқуқий босимни кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Гуруҳ томонидан илгари сурилган ташаббуслар халқаро ҳамжамиятда қарама-қарши баҳоланди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу ҳаракатни олқишлаб, у орқали халқаро ҳуқуқ устуворлиги тикланишига умид билдиришган. Бироқ АҚШ ва айрим Европа давлатлари бу ташаббусни бирёқлама ёндашув, ҳатто сиёсий мотиватсияланган ҳаракат сифатида танқид қилган. Исроил ҳукумати эса бу даъволарни асоссиз деб атаган ва гуруҳни «қораловчилар коалицияси» сифатида талқин қилган.
Шунингдек, давлатлар Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларига алоқадор компаниялар ва амалдорларга қарши қонуний чоралар кўриш масаласини ҳам муҳокама қилишди.
Фаластиннинг БМТдаги вакили Риёз Мансур бу ташаббусни олқишлаб, уни «маънавий ютуқ», деб атади.
Бироқ, танқидчилар саммитнинг самарадорлигига шубҳа билдирмоқда. Уларнинг фикрича, иштирокчи давлатларнинг таъсири Исроилнинг асосий иттифоқчиси бўлган АҚШ билан таққослаганда анча паст. Шу билан бирга, Исроил (Тел Авив) бу ташаббусга ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдирмади.
Шунга қарамай, саммит иштирокчилари сентябр ойида бўладиган БМТ Бош Ассамблеясигача бошқа давлатлар ҳам бу пактга қўшилишига умид қилишмоқда.
Конференцияни бошлаган Колумбия президенти Густаво Петро якунда шундай деди:
«Биз Боготага тарих яратиш учун тўпландик. Ва буни амалга оширдик».
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.