Россия Давлат Думасидаги «Янги одамлар» фракцияси раҳбари Алексей Нечаев бошчилигидаги депутатлар гуруҳи Россияда мигрант болалар учун пулли таълим жорий этишни таклиф қилди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар берди.
Депутатлар Россия таълим вазири Сергей Кравцов номига расмий мурожаат йўллаб, Россия фуқаролигига эга бўлмаган болалар давлат ва маҳаллий мактабларда фақат пулли асосда таълим олиши кераклигини қонунчилик асосида белгилаш зарурлигини билдиришди.
Улар бу ҳолат давлат ва маҳаллий бюджетга оғирлик қилаётганини таъкидлашди. Қолаверса, айрим ҳудудларда мактабларда жой етишмаслиги, ўқитувчилар эса орттиқча юклама билан ишлаётгани қайд этилди.
Мигрант болаларнинг кўпчилиги рус тилини яхши билмаслиги сабабли таълим жараёнида қийинчиликлар юзага келаётгани, бу эса умумий ўқув муҳитини секинлаштираётгани айтилган.
Мурожаатда таъкидланишича, хорижлик фуқаролар фарзандларининг таълим харажатларини ўзлари қоплаши лозим. Бу нафақат бюджетга тушаётган юкни камайтиради, балки ўқитувчиларнинг иш юкини енгиллаштириб, таълим сифатини оширади.
Депутатлар фикрига кўра, бундай қадам мигрант оилаларни таълимга нисбатан масъулиятлироқ ёндашишга ундайди. Шунингдек, бу чоралар Россия солиқ тўловчиларининг маблағини тежашга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда мигрантларга расмий даромадидан ортиқча маблағни чет элга ўтказиш тақиқланиши мумкинлиги ҳақида ҳам хабар берилган эди.