Хўш, нега айнан чиқинди хизматларининг тўловлари бевосита электр энергияси билан боғланди?
Аҳоли орасида турли коммунал тўловлар қатори чиқинди тўплаш ва уни олиб кетиш хизматларига ҳам лоқайдлик ва беписандлик билан қараб, узоқ йиллардан буён тўловни амалга оширмай келаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.
Бу масалани ижобий ҳал қилиш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига чиқиндилар тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соғасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1044 сонли қонуни қабул қилинди. Аниқроқ қилиб айтганда, чиқинди тўловларини йиғишда электр энергияси тўловини чеклаш орқали эришиш энг самарали йўл сифатида кўрсатилмоқда.
Кўзланган мақсадга эришишда Экология вазирлиги томонидан «Тоза макон» биллинг тизими тақдим этилмоқда.
«Тоза макон» тизими қандай ишлайди?
Биллинг базасига ҳар бир хонадонда мавжуд фуқаролар сони киритилган тизим бўлиб, бу орқали истеъмолчи қарздорлиги ҳисоблаб борилади.
Унга кўра ҳар ойнинг 3-санасига қадар қарздор абонентлар тўғрисидаги маълумотлар Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг «Тоза макон» биллинг электрон тизимидан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг биллинг тизимига узатилади. Сўнгра чиқинди хизматларидан қарздор абонентларга ҳар ойнинг 5-санасигача «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг «2100» қисқа рақами орқали «СМС» хабарнома юборилади. Абонентларга ушбу огоҳлантириш юборилганидан кейин 5 (беш) кун қарздорликни бартараф этиш учун қўшимча муддат берилади. Мавжуд қарздорлик ушбу муддат ичида тўланиши лозим. Акс ҳолда, истеъмолчи томонидан қарздорлик тўдҳланмаса, электр энергия учун тўлов қилиш чекланади. Қарздорлик бартараф этилиши билан чеклов бекор қилинади.
Ушбу тартиб 2025 йил 30 июл кунига қадар тадбиқ этилмайди, расман 1 август санасидан тизим ишга тушади. Чиқиндидан бир ой давомида тўланмаган қарздорлик ҳам электр энергиясининг чекланишига сабаб бўлиши мумкин.
«Ҳозирда тизим мамлакат аҳолисининг 80 фоизини қамраб олган. Янги биллинг тизимида ҳудуддаги ободонлаштириш хизмати машинаси киргани GPS орқали тасдиқлансагина уларнинг ҳисобига маблағ тушади. Масалан, фуқаро чиқинди учун тўлов қилса, лекин масъул ташкилот шу ҳудудга кирмаса, улар ҳисобига пул ўтказилмайди. Истеъмолчининг пули эса маънавий зарар билан бирга қоплаб берилади. Тизим ишга тушганидан сўнг ҳар бир маҳалладан мотороллерлар ёрдамида чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш йўлга қўйилади. Дастлаб 70 та мотороллер олиш режалаштирилган. Улар маҳалладаги қайта юклаш станциясига олиб боради. Биз чиқинди йиғувчи операторларни назорат қиламиз. Шуннингдек, бизда қарздорликни қайта кўриб чиқиш хизмати мавжуд. Чунки одам сони ўзгарувчан. Кимдир вафот этиши, туғилиши мумкин», деди Чиқиндиларни бошқариш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов Kun.uz студиясида ўтказилган давра суҳбатида.
Тизимдаги афзаликлар
Аввалги тизимда чиқинди хизматлари тўлиқ бажариладими-йўқми, аҳолининг қарздорлиги махсус операторлар томонидан қайд этиб борилган.
Маълумки, барча тизимларда ҳисоблаш ускуналари мавжуд, чиндиларда эса мавжуд эмас. Эндиликда ушбу тизим тўлиқ электронлаштирилди. У орқали янги туғилган шахс рўйхатга қўшилиб, вафот этганларни чиқариб юбориш мумкин бўлади. Ушбу тизимда операторлар ишлари ҳам баҳолаб борилади.
Ушбу қонун жорий этилиши аҳоли учун ортиқча юкми?
Бу ҳолатга иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров ўз муносабатини билдириб, 2017-2018 йилларда электр энергияси, газ, сув таъминоти хизматлари бўйича ҳеч қандай рақамлаштириш мавжуд бўлмаганини ёдга олди.
«Айни ўша даврда электр энергия соҳасида энг катта ўғриликлар, аҳоли бўйнига қарздорликларни ёзиб юбориш билан боғлиқ ҳолатлар бўлган. Коммунал тизимни рақамлаштириш орқали буларнинг барчаси сохта, уйдирма қарздорлик эканлиги ойдинлашди.
Шулар каби чиқинди тизимини ҳам рақамлаштириш, шартнома тузиб олиш керак. Оддий истеъмолчи сифатида айтаманки, мен билан ҳали ҳеч ким бу каби шартномани тузмаган, лекин қаерлардадир мени қарздорлигим бўлиши мумкин. Биздаги энг асосий муаммо шахсий идентификация ва шартноманиннг йўқлигида», — деди Отабек Бакиров.
Яъни, биллинг тизим адолатли ишга тушиши, аҳоли гарданига асоссиз қарздорлик ёзилмаслиги, бунинг оқибатида чироғи ўчмаслиги учун ҳар битта хонадон билан шартнома имзоланиши, хонадонда яшовчи одам сони аниқлаштирилиши, қарздорлик қолдиғи ёки олдиндан тўловлар солиштирма далолатнома билан тасдиқланиши, ана шундан сўнг ҲЭТ билан ҳамкорликдаги автоматик биллинг тизим ишга туширилиши лозим эди.
Ҳозир бу ишлар етарлича бажарилмаган аҳоли ўртасида жуда катта эътирозлар ва норозиликлар келтириб чиқариши тайин. Бундай эътирозларни ўз вақтида аниқлаб бартараф этишга агентликнинг кучи ҳам, ресурси ҳам етмаса керак.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон аҳолисининг 26 миллиони чиқинди хизматларидан фойдаланади. Улардан 7 миллиони расман шартнома қилган.
Ҳозирда кунга келиб Чиқиндиларни бошқариш агентлигига бир кунда 137 та истеъмолчидан шикоятлар келиб тушади. Ҳар бир ҳуддуда эса Call-марказлар ташкил этилган. Ташкилот билан боғланиш учун 1205 қисқа рақамларига қўнғироқ қилиш кифоя.
Гулнора Шерматова тайёрлади.