Ўзбекистон Кореяга яна 6 та хизмат итини экспорт қилди

18:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Миллий кинология марказида тайёрланган Кореяга юборилган хизмат итлари сони 12 тага етди. Улар “Гиёҳванд моддаларни аниқлаш” йўналишида самарали хизмат кўрсатмоқда.

Dogs

2023–2024 йилларда Тошкентдаги Миллий кинология марказида тайёрланган ва Корея божхона хизматига юборилган 6 бош лабрадор зотига мансуб хизмат итлари ҳозирги кунда халқаро аэропорт ва денгиз портларида муваффақиятли фаолият олиб бормоқда.

Июн ойида Корея мутахассислари Ўзбекистонга ташриф буюриб, яна 6 бош хизмат итини сотиб олиш бўйича икки томонлама шартнома имзолашди. Ушбу шартнома доирасида Тошкент халқаро аэропорти орқали хизмат итлари барча ветеринария кўрикларидан ўтказилди ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Жорий ҳафтада Жесси, Белла, Фарона, Рада, Файз ва Фариз лақабли хизмат итлари Кореяга экспорт қилинди. Улар “Экспорт уч қадамда” тизими орқали расмийлаштирилди ва божхона юк декларацияси асосида юборилди.

Шу билан, умумий ҳисобда Корея божхона хизматига экспорт қилинган хизмат итлари сони 12 тага етди. Бу эса Миллий кинология марказининг экспорт салоҳияти ошиб бораётганини ва халқаро ҳамкорлик салоҳиятини намоён этади.