Ўзбекистон терма жамоаси ва Эроннинг «Фўлод» клуби дарвозабони Ўткир Юсупов фаолиятида муҳим қарор қабул қилди — у катта маблағ таклиф қилинган шартномадан воз кечиб, ўз жамоасида қолишни маъқул кўрди.
Эроннинг етакчи клубларидан бири — Теҳроннинг «Истиқлол» футбол клуби Юсуповга расмий таклиф йўллаган. Турли оммавий ахборот воситаларида тарқалган маълумотларга кўра, шартнома молиявий жиҳатдан анча манфаатли бўлган. Бироқ Ўткир Юсупов жамоани ўзгартирмай, Хузистоннинг «Фўлод» сафида қолишни танлаган.
Хабарларда айтилишича, бундай қарор ортида, футболчининг миллий терма жамоадаги ўрни ва Жаҳон чемпионатига жиддий тайёргарлиги турибди. Янгича муҳитда мослашиш мураккаб кечиши мумкинлиги сабабли, Юсупов устуворликни барқарорлик ва тайёргарлик сифатига берган.