«Июл ойи бошидаги дам олиш кунларидан бирида Олий суд биносини ҳашарот ва кемирувчилардан тозалаш мақсадида кучли кимёвий воситалар сепиб чиқилган. Аммо шу куни Олий суд раисининг икки ўринбосари Ш.П. ва И.М. бино дориланганидан бехабар тарзда ишга келиб, фаолиятини давом эттиришган. Судялар хоналарга сепилган дори ҳидсиз бўлгани сабаб, аввал буни пайқашмаган. Фақат маълум вақт ўтиб, уларнинг соғлиғи ёмонлаша бошлагачгина, шифокорга мурожаат қилишга мажбур бўлишган», – деб ҳикоя қилди манба бўлиб ўтган воқеаларни.
Иккинчи манбанинг қўшимча қилишича, суд раисининг икки ўринбосардан бири айни вақтга келиб соғлиғини тиклаган ва ишга қайтган. Иккинчиси ҳамон даволанишда.
Vaqt.uz мухбири хабарга аниқлик киритиш мақсадида Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовга бу борада мурожаат қилди, аммо у бўлиб ўтган бу воқеаларни тўлиқ рад этди.
Азиз Обидов Олий суд раиснинг уч ўринбосаридан икки нафари ишда экани, учинчиси эса хорижий хизмат сафарида экани ва эртадан бошлаб ишга чиқишини маълум қилди. Шунингдек, Олий суд биносида COVID-19 пандемияси давридан буён бирор дезинфекция ишлари ўтказилмаганини, бу борадаги маълумотлар ёлғонлигини маълум қилди.