Сўнгги йилларда дунё бўйлаб меҳнат бозоридаги талаблар тубдан ўзгариб, олий маълумотнинг устуворлиги кескин камайди. Айниқса, 2025 йилда эълон қилинган Goldman Sachs тадқиқотига кўра, диплом билан иш топиш даражаси билан дипломсиз, аммо зарур кўникмаларга эга бўлганлар орасидаги фарқ деярли йўқолди.
Тадқиқотда қайд этилишича, дипломли ва дипломсиз номзодлар орасидаги ишга жойлашиш кўрсаткичи ўртасидаги тафовут атиги 0,9 фоиз пунктини ташкил этган. Бу рақам 2015 йилда 4,3 фоиз, 2010 йилда эса 6,1 фоиз эди. Бундай динамикани таққослаганда, дипломнинг ишга киришдаги афзаллиги сўнгги ўн йилда беш баравардан кўпроқ пасайганини кўриш мумкин.
Яна бир муҳим жиҳат — АҚШ Меҳнат Департаменти маълумотларига кўра, 2024 йил якунида мамлакатдаги олий маълумотга эга бўлган ишсизлар сони 4,1 млн кишига етган. Бу 2019 йилга нисбатан 38 фоизга кўп демакдир. Айни пайтда дипломсиз, аммо касб-ҳунарга эга бўлганлар орасидаги иш билан бандлик даражаси нисбатан барқарор қолган.
LinkedIn маълумотларига кўра, 2023 йилда иш берувчилар томонидан эълон қилинган янги вакансияларнинг 45 фоизи анъанавий диплом талабини ўз ичига олмайди. Айниқса, IT, маркетинг, график дизайн, лойиҳа бошқаруви каби соҳаларда бу кўрсаткич 60–70 фоизгача етади. Мисол учун, Google компанияси 2022 йилда ўзининг «Career Certificates» дастурини ишга туширганидан сўнг, ушбу сертификатга эга бўлганларнинг 75 фоизи 6 ой ичида иш топишга муваффақ бўлган, улар орасида кўпчилик университет битирувчиси бўлмаган.
Европа Иттифоқи миқёсида олиб борилган 2024 йилги «Skills for Jobs» ҳисоботига кўра, иш берувчиларнинг 68 фоизи номзод танлашда университет дипломи эмас, айнан амалий кўникма ва портфолиога асосланганини билдирган. Бу айниқса, Германия, Нидерландия ва Эстония каби технологик жиҳатдан илғор давлатларда яққол сезилади.
Бундан ташқари, халқаро Coursera платформасининг 2025 йил бошидаги статистикаси шуни кўрсатдики, ўз мутахассислиги бўйича иш топган фойдаланувчиларнинг 42 фоизи фақат онлайн курслар орқали малака олган. Уларнинг 58 фоизи эса илгари олий таълим олмаган ёки мутлақо бошқа соҳада дипломга эга бўлган.
Мазкур тенденциялар меҳнат бозорида аввалгидек диплом асосий рол ўйнамаётганини кўрсатади. Бугунги кунда замонавий технологияларни эгаллаган, ўзини мунтазам ривожлантираётган, мослашувчан фикрловчи ва реал амалиётда самарадорлик кўрсата оладиган кадрлар талаб қилинмоқда.
Экспертлар қандай фикрда?
Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск қуйидаги фикрни билдирган: «Агар кимдадир коллеж дипломи бўлса — бу яхши. Аммо бу, унинг жуда истеъдодли ёки ишлашга тайёр эканини англатмайди. Мен ўзим ҳеч қачон дипломга қараб одам ёлламаганман. Маск бир неча бор SpaceX ва Teslaʼда олий маълумот талаб қилинмаслигини айтган ва истеъдодли кишиларни реал муаммоларни ҳал қила олиш қобилияти орқали баҳолаш тарафдори эканини билдирган» .
Googleʼнинг собиқ HR раҳбари Лашло Бокнинг фикрича, академик ютуқлардан кўра муаммоларни ҳал қилиш, танқидий фикрлаш ва ҳаётий тажриба муваффақиятли иш фаолиятини белгилайди.
LinkedIn бош директори Рян Росланский эса «Бизнинг платформамиздаги эълонларнинг 45 фоизи энди диплом талаб қилмайди. Келажакда иш берувчилар асосан «кўникма тўплами» асосида баҳолашади» , деди. Росланский маҳоратга таяниб ходим танлаш меҳнат бозоридаги тенгсизликни камайтириш, айниқса ёшлар ва кам имкониятли қатламлар учун имкониятларни оширишини таъкидлайди.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.