Уй-жой орзуси яна узоқлашадими? Эскроу тизими муаммоларга сабаб бўлиши таҳмин қилинмоқда

18.07.2025 20:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Эскроу ҳисобварақлари қурилиш соҳасида айланма маблағ камайишига олиб келиши мумкин. Бу эса таклиф қисқариши ва уй-жой нархининг ошишига сабаб бўлади.

Eskrou

Эскроу ҳисобварақлари сабабли уй-жой нархи ошиши мумкин. Бу ҳақда Қурувчилар ассотсиацияси раиси Мансур Ниёзмуҳаммедов 17 июл куни Савдо-саноат палатасида ўтказилган очиқ мулоқотда маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, ушбу тизим қурувчиларнинг айланма маблағларини камайтиради. Натижада қурилиш суръати пасайиши ва уй-жой таклифи қисқариши мумкин. Бу эса бозорда талаб юқори бўлган ҳолатда, нархларни ошишига олиб келади.

Ассотсиатсия раҳбари давлат дастури бўйича жорий йилда 135 минг хонадон топшириш режалаштирилганини айтди. Маблағ етишмаслиги бу режага халақит бериши мумкин.

Унинг сўзларига кўра, эскроу ҳисобварағидаги улушчилар маблағлари ҳисобига қурувчиларга имтиёзли — фоизсиз ёки паст фоизли молия ажратиш керак. Чунки лойиҳаларни молиялаштиришда қурувчилар хавотир билдираётгани таъкидланди.

Масала ечимисиз қолса, айрим қурилиш лойиҳалари тўхтаб қолиши ва иш ўринлари қисқариши хавфи бор. Шу боис, Қурувчилар ассотсиацияси банклар ва қурувчиларни ҳамкорликка чақирди. Уларнинг фикрича, банклар инвестиция компаниялари ташкил этиб, қурилиш лойиҳаларида ҳамкор сифатида иштирок этиши мумкин.