17 июл куни Савдо-саноат палатасида қурилиш соҳаси ва давлат органлари вакиллари ўртасида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тадбирда Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев уй-жойларнинг ҳақиқий қийматини яшириш ҳолатлари ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, жорий йилнинг илк ярмида 2000 та ҳолатда уй-жойларнинг ҳар бир метр квадрати1 миллион сўм деб кўрсатилган. Бу каби битимлар бўйича умумий майдон 353 минг квадрат метрни ташкил этган. Бундан ташқари, 9300 та ҳолатда 1–3 миллион сўм, 13,5 мингта битимда эса 3–5 миллион сўм нархда кўрсатилган ҳолда нотариал расмийлаштириш амалга оширилган.
Қудбиев Тошкент шаҳрида уй-жойларнинг минимал нархини ҳар бир метр квадрат учун камида 500 доллар қилиб белгилашни таклиф қилди. Унга кўра, бу амалиёт қонуний ишлайдиган қурувчиларни ҳимоя қилиш учун зарур.
Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ҳам уй-жой нархларини сунъий пасайтириш оммалашганини таъкидлаб, қурувчилардан квадрати 5 миллион сўмдан арзонроқ квартиралар қаерда сотилаётганини кўрсатишларини сўради.
Мулоқот якунида Қудбиев Қурувчилар ассоциациясини пойтахтда минимал уй-жой нархини белгилаш бўйича аниқ таклифлар тайёрлашга чақирди.