Ханти-Мансийск автоном округи (ХМАО) Дума депутати Холид Таги-заде, май ойида округни «ўзбекларнинг тарихий ватани» деб атагани учун танқид ўқига дуч келганидан сўнг, 21 июлдан бошлаб ўз хоҳиши билан депутатлик мандатини топширди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» нашри маълум қилди.
Таги-заде 7 июлда мандатдан воз кечиш бўйича ариза ёзган бўлса-да, бу ҳақдаги маълумот оммага энди етиб келди. Депутат илгари округ ижтимоий ривожланиш қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритган, аммо баҳсли баёнотидан сўнг бу лавозимдан ҳам маҳрум этилган.
Аввалроқ, у мигрантлар сони ортиши муҳокамаси чоғида Ханти-Мансийск автоном округининг бир қисми «Сибир хонлиги» — ўзбеклар сулоласи Шайбонийлар ҳукмронлик қилган ҳудуд бўлганини таъкидлаган.
«Мигрантлар турли хил бўлади. Ўзбекларга келсак, бизнинг Югра ва Тюмен вилоятининг бир қисми тарихан Сибир хонлиги ҳисобланган. Бухоро хонлигидан келиб чиққан ўзбек Шибонийлар сулоласидан бўлган Кўчум хон ҳукмронлик қилган. Эҳтимол, мигрантлар бу ерга ўзларининг тарихий ватанига келишаётгандир», — деб таъкидлаганди у.
Унинг сўзлари шов-шувларга сабаб бўлди — айрим депутатлар буни экстремизм деб баҳолашни сўраб, ФХХ ва прокуратурага мурожаат қилган. Аммо мутахассислар таҳлилида экстремизм аломатлари топилмаган.
Шунга қарамай, Таги-заде сиёсий саҳнада деярли четлатилган шахсга айланди. 16 июл куни Думада унинг мандатдан воз кечиш тўғрисидаги аризаси расман маъқулланди.