Суд томонидан оқланганлар сони 2,5 бараварга камайди

10:01 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон судлари томонидан оқланганлар сони кескин камайди. Статистикага кўра, бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 2,5 бараварга пасайди. Судлов фаолиятида оқлаш ҳолатларининг қисқариши ҳуқуқий жараёнларга нисбатан саволлар уйғотмоқда.

Sud

Ўзбекистон Олий суди ахборот хизматининг маълум қилишича, 2025 йилнинг январ–июн ойларида мамлакат судлари томонидан 204 нафар шахс оқланган. Ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврида қайд этилган 465 нафар оқланган шахсга нисбатан 2,5 баравар камдир.

Статистик маълумотларга кўра:
2023 йилнинг шу даврида 564 нафар,
2022 йилда эса 468 нафар шахс оқланган.

2024 йил якунида эса бутун йил давомида 723 нафар шахс оқланиб, бу сўнгги етти йилдаги энг паст кўрсаткич бўлган.

2017–2024 йиллар давомида Ўзбекистонда судлар жами 6 679 нафар шахсни оқлаган. Улардан:
2023 йилда 1 244 нафар,
2022 йилда 1 010 нафар,
2021 йилда эса 932 нафар шахс реабилитация қилинган.

2024 йилда республика судларида 61 481 та жиноий иш кўриб чиқилган. Шу йили 77 995 киши судланган бўлиб, бу охирги беш йилликдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Судланган шахсларнинг 40 фоизи ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 25 фоизи унча оғир бўлмаган, 29 фоизи оғир ва 5 фоизи ўта оғир жиноят содир этган.

Шунингдек, ўтган йили 20 655 нафар шахс озодликдан маҳрум этилиб, сўнгги беш йилдаги энг юқори қамоқ жазоси қўлланган йил сифатида қайд этилган. 2020 йилда бу кўрсаткич 7 107, 2021 йилда 12 922, 2022 йилда 17 610, 2023 йилда эса 17 391 нафарни ташкил этган.