Ўзбекистонда 3500 нафар она боласига алимент тўлаб келмоқда

14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 3500 нафар аёл фарзандини моддий таъминлаш мажбуриятини зиммасига олган. Бу ҳолатлар бола васийлиги оталарига берилган тақдирларда юзага келмоқда. Алимент мажбуриятлари ортгани баробарида оналар томонидан тўлов ҳолатлари ҳам кўпаймоқда.

Naqd pul

Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ахборот хизмати маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2025 йилнинг биринчи ярмида алимент ва моддий таъминот ундирувлари бўйича иш юритилаётган ҳужжатлар сони 348 мингтага етди. Бу кўрсаткич 2018 йилдаги 240 мингтадан 45 фоизга ошган.

МИБ ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатовнинг маълум қилишича, ушбу ижро ҳужжатларидан 3500 таси аёллар томонидан болаларини моддий таъминлаш учун алимент тўлаш билан боғлиқ. Бундай ҳолатларда, одатда, суд қарори асосида бола васийлиги отасига берилган бўлади.

Алимент тўловчи оналар сони бўйича энг юқори кўрсаткич Самарқанд вилоятига тўғри келади. Кейинги ўринларда Фарғона, Сурхондарё ва Андижон вилоятлари жойлашган. МИБ таъкидлашича, ҳар қанча кам учрайдиган бўлса-да, оналар томонидан алимент тўлаш ҳолатлари охирги йилларда тобора кўпайиб бормоқда.

Ташкилот болалар ҳуқуқларини таъминлашда ҳар икки ота-онанинг тенг жавобгарлигини таъминлашга интилаётганини маълум қилди. Бунинг учун давлат ижрочилари алимент ундируви бўйича фаол иш олиб бормоқда.

Ҳозирда ҳар бир давлат ижрочиси ойига ўртача 147 та алимент ва моддий таъминот иши билан шуғулланмоқда.