Озарбойжон президенти Илҳом Алиев мамлакат халқаро судларга Россияга қарши даъво аризаси тайёрлаётганини маълум қилди. Бу 2024 йил 25 декабрь куни Оқтов шаҳрида AZAL авиакомпаниясига тегишли йўловчи учоқнинг ҳалокати билан боғлиқ. Айни пайтда расмий Боку Россия томонидан ҳеч қандай аниқ изоҳ берилмаётганини таъкидламоқда.
Алиевнинг таъкидлашича, ҳодиса юзасидан манзара мутлақ равшан. Ўтган етти ой давомида Россия томони Озарбойжоннинг сўровларига фақат «тергов давом этмоқда» деган жавобни бермоқда. Президентга кўра, Бош прокурор Россия Тергов қўмитасига бир неча бор расмий мурожаат юборган, аммо натижа бўлмаган.
Озарбойжон раҳбари Россиянинг бундай позициясини самарасиз ва ноқонуний деб ҳисобламоқда. Алиев Малайзияга тегишли Boeing-777 ҳалокати бўйича Донбассдаги тергов 10 йил давом этганини эслаб, Озарбойжон ҳам худди шундай кутиши мумкинлигини таъкидлади.
Маълумот учун: 2024 йил 25 декабр куни Боку–Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли Embraer E190 учоғи Каспий денгизи орқали Қозоғистонга йўналтирилган, сўнг Оқтовда ҳалокатга учраган. Унда 38 киши ҳалок бўлиб, 29 нафар йўловчи тирик қолган. Норасмий маълумотларга кўра, учоқ Россиянинг ҳаво мудофаа ракетаси билан уриб туширилган.
Озарбойжон расмийлари бу ҳолат юзасидан халқаро ҳуқуқий майдонда жиддий ҳаракат бошлаш ниятида эканини билдирмоқда.