Хизмат соҳаси учун ҚҚС 6 фоиз этиб белгиланиши ва фойда солиғини бекор қилиш таклиф этилди

10:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Тадбиркорлар хизмат кўрсатиш соҳаси учун қўшилган қиймат солиғини 6 фоиз этиб белгиллаш ва фойда солиғини вақтинча бекор қилишни таклиф қилмоқда. Бу орқали бизнес юки енгиллашиши ва солиқдан қочиш ҳолатлари камайиши кутилмоқда.

Tadbirkor

18 июл куни Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан аудиторлар, бухгалтерлар ва солиқ маслаҳатчилари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда солиқ маслаҳатчиси Нодирбек Хўжабеков хизмат соҳасидаги тадбиркорлар учун солиқ юкини камайтириш бўйича таклифлар билдирди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда хизмат кўрсатиш соҳасида жами харажатлар кам, кирувчи ҚҚС миқдори эса деярли йўқ. Шу боис жорий солиқлар, жумладан, 12 фоизлик ҚҚС ва фойда солиғини тўлаш тадбиркорлар учун оғирлик қилади. Кўпгина тадбиркорлар бу вазиятдан чиқиш учун солиқдан қочиш йўлларини излашга мажбур бўлаётгани таъкидланди.

Шу муносабат билан Хўжабеков хизмат кўрсатиш соҳаси учун 6 фоиз миқдорида имтиёзли ҚҚС жорий этишни таклиф қилди. Бу режимда кирувчи ҚҚСни ҳисобдан чиқариш имкони бўлмайди. Шу билан бирга, фойда солиғи ҳам вақтинча бекор қилиниши мумкин. Агар эса корхона ҚҚС тўловчиси бўлган ҳамкорлар билан ишласа, 12 фоизлик ставкага асосланган умумий режимда қолиш имкони ҳам бўлади.

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов эса мазкур таклифлар бизнеснинг сунъий бўлинишининг олдини олишини таъкидлади. Унга кўра, айни вақтда кўплаб компаниялар ҚҚС лимитидан ошмаслик учун бир нечта юридик шахслар ташкил этмоқда. Агар 6 фоизлик ставка билан енгиллаштирилган режим амалга киритилса, барча тадбиркорлар ҚҚС тўловчисига айланади ва лимитларга эҳтиёж қолмайди.

Хўжабеков сўзларига кўра, бундай ёндашув тадбиркорларни ҚҚС ва фойда солиғига босқичма-босқич мослаштириш имконини беради. Кейинчалик ҚҚС ставкасини 8 фоиз, кеийнроқ 12 фоизгача ошириш мумкин.