Саудияда «уйқудаги шаҳзода» 20 йиллик комадан сўнг вафот этди

12:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Саудия Арабистонида 20 йил кома ҳолатида бўлган «уйқудаги шаҳзода» Ал Волид ибн Холид ибн Талал Ол Сауд вафот этди. У бир неча ўн йил давомида ҳаёт ва ўлим ўртасида яшаб келган эди.

Sleeping prince

1990 йили туғилган шаҳзода 2005 йили 15 ёшида Лондондаги ҳарбий лицейда ўқиётган пайтида йўл-транспорт ҳодисасига учраган. У бош мия жароҳати ва мияга қон қуйилиши оқибатида кома ҳолатига тушган. АҚШ ва Испаниядан келган мутахассислар кўрсатган шошилинч тиббий ёрдамга қарамай, у ҳушига келмаган.

Шаҳзода Холид ибн Талал Ол Сауднинг тўнғич фарзанди ва миллиардер Ал Волид ибн Талалнинг жияни ҳисобланади. Унинг отаси оғир аҳволдаги ўғлининг ҳаётини узайтириш воситаларини олиб ташлаш ҳақидаги таклифларни қатъий рад этган ва фарзандининг тикланишига умид қилган.

Кома пайтидаги айрим рефлекс ҳаракатлари оила аъзоларида умид уйғотган. Бироқ 2025 йил июл ойида унинг вафоти ҳақидаги хабар жамоатчиликка тарқалди. Ижтимоий тармоқларда юзлаб фойдаланувчилар «SleepingPrince» хештеги остида ҳамдардлик билдиришди.