2025 йилнинг биринчи ярмида «Солиқ ҳамкор» тизими орқали 54 401 та мурожаат келиб тушган. Улардан 49 015 таси харид чеки берилмаслигига оид бўлса, 1 898 та мурожаатда тўловни пластик карта орқали қабул қилмаслик ҳолати қайд этилган. Шунингдек, 126 та ҳолатда карта орқали тўловда нархни ошириш, 3 362 та ҳолатда эса бошқа турдаги қоидабузарликлар қайд этилган.
Мурожаатларнинг 26 155 таси такрорийлиги ёки текширув жараёни давом этаётгани боис кўриб чиқилмаган. Шу билан бирга, 21 702 та ҳолатда сайёр солиқ текширувлари ўтказилиб, уларнинг 99,1 фоизида қонунбузарликлар тасдиқланган.
Хабар берган фуқароларнинг 24 762 та мурожаати бўйича жами 17,7 млрд сўм мукофот тўланган. Ундирилган жарима суммасининг 20 фоизи фуқарога мукофот сифатида ажратилган. Энг кўп мукофот Тошкент шаҳар фуқароларига — 4 млрд 279 млн 500 минг сўм миқдорида тўланган. Энг кам мукофот эса Жиззах вилоятида — 512 млн сўмни ташкил этган.
Шунингдек, солиқдан ташқари соҳаларда ҳам фуқароларнинг фаоллиги рағбатлантирилади. Хусусан, сув, электр ва газдан фойдаланишдаги қоидабузарликлар, ернинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ёки дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари ҳақидаги фото ва видеомаҳсулот юборганларга ҳам мукофот тўланиши мумкин.