Алиев Озарбойжоннинг Россияга қарши халқаро даъвоси тафсилотларини ошкор қилди

19:45 | 5 дақиқада ўқилади.

Озарбойжон Россия устидан Халқаро судга даъво аризаси киритмоқчи. Илҳом Алиевнинг таъкидлашича, Озарбойжон ҳаво йўлларига тегишли ва ҳалокатга учраган йўловчи самолётига Грозний осмонида зарба берилганлиги учун Россия жавобгар бўлиши керак.

Ilham ailiyev1

Президент Илҳом Алиевнинг маълум қилишича, мудҳиш авиаҳалокатдан етти ой ўтса-да, Боку Москвадан ҳеч қандай расмий жавоб олмаган. Ҳалокат оқибатида 38 киши ҳалок бўлган.

«Биз фақат табиий талаблар қўяяпмиз: воқеа учун айбни тан олиш, самолётни уриб туширганларни жазолаш, ҳалок бўлганлар оилалари ва жабрланганларга ҳамда авиакомпанияга компенсация тўлаш», — деди Алиев.

Алиевнинг айтишича, Озарбойжон Бош прокурори Россия Тергов қўмитасига доимий равишда хат юбормоқда, аммо жавоблар «тергов давом этмоқда» деган гап билан чекланади.

«Бизга ҳаммаси маълум: нималар рўй берганини биламиз ва исбот қила оламиз. Россия расмийлари ҳам буни билади. Савол туғилади: нега улар ўша пайтда қўшни сифатида қилинадиган ишни қилмади? Бундай муносабат сермаҳсул алоқаларга зид деб ҳисоблайман. Биз буни шундайлигича қолдирмаймиз. Россия томонини халқаро судларга мурожаат қилишга тайёргарлик кўраётганимиз ҳақида хабардор қилганмиз», — деди у.

Озарбойжон президентининг маълум қилишича, озарбойжонлик терговчилари ҳалокат жойига бориб, самолёт танасидаги шикастларни ўрганишган.

«Фюзеляж илма-тешик бўлиб кетган, салонда икки киши шрапнелдан жароҳат олган. Шу боис, гўё украин дрони самолётга тўқнаш келган, деган тахмин мутлақо кулгили. Самолётга икки марта ҳужум қилинган. Тасаввур қилинг: украин дрони келиб, Озарбойжон самолётини топиб уради, тушади, кейин яна ҳужум қилади! Бу болаларга айтиладиган  эртак», — дея таъкидлади Алиев.

Унинг сўзларига кўра, Чеченистон осмонидаги парвозлар фақат шу машъум ҳодисадан кейин тўхтатилган.

Алиев халқаро суд ишни кўриб чиқишига вақт керак бўлишини тан олди, лекин мамлакат «адолат тикланиши учун қанча керак бўлса, шунча кутади».

«Афсуски, бу вазият Россия ва Озарбойжон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ривожига ёрдам бермаяпти», — деди президент.

AZAL авиакомпаниясига тегишли Embraer E190 учоғи 25 декабр куни Боку — Грозний рейсини амалга ошираётган пайтда ҳалокатга учраган. Уннинг саҳнида 67 киши бўлган, шундан 29 нафари тирик қолган.

Самолёт украин дронлари ҳужуми давомида Грознийга қўнишга уринган ва ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими томонидан ўққа тутилган. Экипаж Россиянинг бир неча шаҳрига шошилинч қўниш учун рухсат сўраган, аммо бирортаси жавоб бермаган. Самолёт Каспий денгизи орқали Қозоғистонга қараб йўл олган, аммо Оқтов халқаро аэропорти яқинида қулаган.