Ушбу натижа банк учун 2023 йилдан буёнги энг юқори фойда келтирган ярим йиллик бўлди. Ўшанда «Миллий банк» 1,19 трлн сўм соф фойда олган эди, деб хабар бермоқда Bankir канали.
Канал келтираётган маълумотга кўра, ҳисобот даврида банкнинг фоизли даромадлари 15,3 фоизга ўсиб, 8,4 трлн сўмни ташкил этди. Фоизсиз даромадлардаги ўсиш эса янада юқори бўлиб, 5,2 трлн сўмга (+22,5 фоиз) етди. Шу билан бирга, банк фоизсиз харажатларини 16,6 фоизга камайтиришга муваффақ бўлди. Фоизли харажатлар эса аксинча, 23,9 фоизга ошган.
«Миллий банк» сўнгги бир неча йил ичида фойда даражаси бўйича Ўзбекистон банк секторида етакчиликни сақлаб келмоқда. Фақатгина фойда кўрсаткичи эмас, балки умумий барқарорлик жиҳатидан ҳам у бозордаги энг ишончли банклардан бири сифатида тан олинади.
Яқинда банк томонидан икки траншдан иборат, жами 418 млн долларлик халқаро облигациялар муваффақиятли жойлаштирилди. Бундан ташқари, халқаро рейтинг агентликлари — S&P ва Fitch томонидан банкнинг кредит рейтинги кўтарилди.
1 июн ҳолатига кўра, банкнинг умумий кредит портфели 108,5 трлн сўмга етди — бу Ўзбекистондаги энг юқори кўрсаткичдир. Шунингдек, умумий депозитлар ҳажми ҳам деярли 42 трлн сўмни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткичда ҳам «Миллий банк» етакчи ҳисобланади.