Сурия ҳукумати Сувайдада назорат тикланганини маълум қилди

21:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Сурия ҳукумати мамлакат жанубидаги Сувайда шаҳрида юз берган тўқнашувлар тўхтагани ва ҳудудда тартиб ўрнатилганини маълум қилди. Бир ҳафта давом этган зиддиятда мингга яқин одам ҳалок бўлди.

Syria

Мўжаро друзлар ва бедуин қабилалари ўртасида бошланган эди. 19 июль куни қуролланган гуруҳлар шаҳардан чекинган. Сурия Ички ишлар вазирлиги вакили Нуредин ал-Баба баёнот бериб, шаҳардаги барча маҳаллалар бедуин жангариларидан тозаланганини маълум қилди.

Низонинг тинч йўл билан тугашига АҚШ воситачилигида эришилгани айтилмоқда. Манбаларга кўра, Дамашқ ва Тел-Авив ўртасидаги музокаралар натижасида отишмалар тўхтаган. АҚШ давлат котиби Марко Рубио эса экстремистларнинг Сурия ҳудудида янги зўравонликлар уюштиришига йўл қўймаслик лозимлигини таъкидлади.

Исроил Суриядаги друз озчиликни ҳимоя қилишни баҳона қилиб, Сувайдадаги ҳукумат кучларига ҳаводан зарба берди. Ҳужумда Дамашқдаги президент саройи ва Бош штаб ҳам нишонга олинди. Бу Сурия ҳукуматини кучларини ҳудуддан олиб чиқишга мажбур қилди.

Сўнгра АҚШ элчиси Том Барракнинг сўзларига кўра, президент Ахмад аш-Шараъа ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ўртасида тинчлик келишуви имзоланди. Унга Туркия ва Иордания ҳам расман қўшилган. Шу билан бирга, айрим маълумотларга кўра, Сувайданинг айрим ҳудудларида ҳануз қуролли тўқнашувлар кузатилмоқда.