Фаластинликлар озиқ-овқат тарқатиладиган пунктга қараб йўл олган пайтда, Исроил армияси уларга нисбатан «огохлантирувчи ўқ» қўлланилганини таъкидлади. Исроил расмийларига кўра, уларнинг сўзларига қулоқ солмаган шахслар ҳарбийлар назоратидаги ҳудудга яқинлашган. Бироқ гувоҳлар воқеа бошқача ривожланганини айтмоқда. Жабрланганлардан бири Муҳаммад ал-Холидийнинг таъкидлашича, одамлар сафни тартибга солиш мақсадида ҳаракатланган, аммо тўсатдан ҳар икки томондан танк ва автомобиллар чиқиб, ўқ узишни бошлаган.
АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган Ғазо Гуманитар Жамғармаси (ГҲФ) мазкур ҳодиса ёрдам пунктларидан бир неча километр узоқда содир бўлганини маълум қилди. Ташкилотнинг таъкидлашича, одамлардан кечаси тарқатиш пунктларига келмаслик сўралган.
Шу билан бирга, ГҲФнинг ўзининг мавқеи ҳам танқид остида қолмоқда. БМТнинг Женевадаги инсон ҳуқуқлари бўйича идораси маълумотига кўра, сўнгги олти ҳафтада ёрдам пунктлари атрофида 875 киши ҳалок бўлган. 19 июл куни анклвавнинг бошқа ҳудудларида яна камида 50 нафар фаластинлик, жумладан, Нусайрат лагеридаги ҲАМАС полисия бошлиғи ва унинг 11 нафар оила аъзоси ўлдирилган.
Исроил армияси эса фақат ҳарбий объектлар ва снайпер позисиялари нишонга олинганини иддао қилмоқда.
2023 йил 7 октябрдан буён давом этаётган урушда 58 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Улар орасида кўпчилигини аёллар ва болалар ташкил этади. Аҳолининг деярли барчаси ўз уйларини тарк этган.
Айни пайтда Исроил ва ҲАМАС Доҳада АҚШ, Миср ва Қатар воситачилигида 60 кунлик тиним ва гаровдагиларни озод этиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Аммо ҳозирча натижа кузатилмаяпти.