21 июл куни соат 03:00 атрофида Тошкент шаҳар ФВБга Олмазор тумани, Узумбоғ кўчасидан ғалати, олтингугуртни эслатувчи ҳид келаётгани ҳақида хабар берилди. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамага сабаб бўлди.
Зудлик билан ФВБнинг радиацион, кимёвий ва тиббий-биологик ҳимоя бўлимлари воқеа жойига етиб борди. Бирламчи маълумотларга кўра, омборхонадаги махсус сиғимдан водород пероксиди моддаси очиқ ҳавога сизиб чиққан. Бу модда ҳавода бошқа элементлар билан реакцияга киришиб, заҳарли газсимон туман шакллантирган.
«Air.Tashkent» хизматининг 423-сонли болалар боғчаси ҳудудидаги датчиклари соат 01:00 дан 06:00 гача ҳаво ифлосланишини «ўта хавфли» даражада қайд этган. Cоат 02:00 да атмосфера ифлосланиш индекс қиймати 500 бўлган бўлса, соат 06:00 да ҳам бу кўрсаткич 328 бўлиб қолган.
ФВБ соат 04:00 да модда сизиб чиқиши тўлиқ бартараф этилганини маълум қилган. Ҳозирда воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Қўшимча маълумотлар расмий манбалар орқали эълон қилинади.