Ўзбекистонликлар ёзнинг навбатдаги ҳафтасини ҳам жазирамада ўтказади

10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ҳафта давомида Ўзбекистон бўйлаб ҳаво ҳарорати 45 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Айрим ҳудудларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.

Ob havo

Ўзгидромет маълумотига кўра, 21 июл куни мамлакатнинг барча ҳудудларида ҳаво бироз булутли бўлиб, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол асосан шарқдан 7–12 m/s тезликда, баъзи жойларда 13–18 m/s гача кучайиши, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин..

Ҳарорат мамлакат бўйича +38…+43 даража атрофида бўлади, мамлакатнинг жанубий ҳудудларида эса +44…+45 даражагача етиши мумкин. Тошкент шаҳрида ҳаво бироз булутли бўлиб, шамол шарқдан 3–8 m/s тезликда эсиши, ҳарорат эса +39…+41 даража атрофида бўлиши кутилмоқда.

Республиканинг тоғли ҳудудларида ҳам ҳаво бироз булутли, айрим жойларда ўзгарувчан бўлиб, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол 13–18 m/s гача кучайиши мумкин. Ҳарорат эса +30…+35 даража атрофида бўлади.

22 июл куни ҳам мамлакат бўйлаб иссиқ об-ҳаво сақланиб қолади. Хусусан, Тошкент шаҳрида кундузи +40…+42 даража, кечаси +24…+26 даража бўлиши кутилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида чанг-тўзонлар кузатилиши эҳтимоли бор. Жанубда, яъни Қашқадарё ва Сурхондарёда эса кундузи +45 даражагача иссиқ бўлиши мумкин.

23–26 июл кунлари ҳам об-ҳаво деярли ўзгармайди. Энг юқори ҳарорат жанубий вилоятларда +43 даража, Марказий ва Ғарбий ҳудудларда +41…+42 даража атрофида бўлади.