«Майдон одамлар билан гавжум бўлди. Иштирокчиларнинг аксарияти ёшлар. Русийзабон ОАВ бу мавзуни кенг ёритди. Ўзбекзабон ОАВлар ва зиёлилар эса жим. Тошкентнинг нариги томонида эса Ислом цивилизация маркази қад ростламоқда…
Пиво фестивали биринчи марта ўтаётгани йўқ. Бу тадбирни ўтказиш анъанага айланиб бормоқда», дея фикрини бошлаган Феруза Муҳаммаджонова.
Партия вакилининг таъкидлашича, ўзбек жамиятида ҳам спиртли фестиваллар очиқчасига, оммавий шовқин ва реклама билан ўтказиляпти.
Баъзи доиралар бундай фестивалларни «туристлар учун», «шаҳарни очиқ ва замонавий кўрсатиш учун» деб асослашади. Лекин савол туғилади: оқибатини ҳисоб-китоб қилмаган «очиқлик» — ривожланишми ёки ўзликдан воз кечишми?!
Муҳаммаджоновага кўра, ҳеч бир замонавий шаҳар ўзлигини топтаб ривожланмайди.
«1886 йилда Тошкентнинг янги шаҳар қисмида халқни, туб аҳолини издан чиқариш учун атайлаб «Пиён бозори» — майхоналар очилганидан хабаримиз бор. Чоризмни тушунса бўлади. Бугун бу тадбирни ким ва нима учун қўллаб-қувватламоқда?!
Ўзбекистон Германия эмаски, ҳар йили шунча тадбирдан 1 миллиард еврога яқин даромад келтирса…
Ёшларимизга атиги 5 минг сўм эвазига спиртли ичимлик таклиф этилишини эса ҳеч қандай асослаш мумкин эмас!Тошкент — мамлакатнинг юраги. Маданият, сиёсат, туризм, медиа — ҳаммаси айнан шу ерда бошланади. Демак, бу ерда ўтказилган ҳар қандай тадбир бутун мамлакат учун намуна бўлиши керак. Бироқ бу кетишда бундай тадбирлар Бухоро, Самарқанд ва ҳатто Қўқонгача етиб бориши ҳеч гап эмас. Балки етиб боргандир ҳам…
Пиво фестивалини айнан Тошкентда ўтказиш — бу шунчаки фаоллар ёки бизнес ташаббуси эмас, балки халқнинг миллий анъаналари ва ўзлигига нисбатан беэътиборлик, ҳатто таҳқирлашдир!
Бугун пиво, эртага вино, кейин эса спиртли барлар — ҳеч қандай маданий чекловларсиз ўтадиган тадбирлар. Шу тарзда жамиятни сездирмасдан, босқичма-босқич ўзгартириш мумкин», — деб ёзди у.
Муҳаммаджонова ким нима ичиши унинг шахсий танлови эканини тан олди, лекин бу танлов жамоат жойларида, бутун жамият кўз ўнгида тарғиб қилинишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.
«Эркинлик тушунчаси маданиятсизлик ва ҳадсизлик билан аралашиб кетса, бу — жамиятнинг ўзлигини йўқотишидан дарак», — деди у.
Партия вакили жамоатчилик бундай оммавий тарғиботларга қарши фикр билдириши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, бу масалада муаммолар етарлича экани, мутахассислар фикрича, Ўзбекистонда энг ёш гиёҳванд 12 ёшда эканлигини маълум қилди.
«Демак, бугун баҳс очилган масала фақат дарахт масаласи эмас. Бу — инсоннинг ҳаёти ва келажагига боғлиқ масала.
Агар бир дарахт учун жамият шунча фаол қўзғалса — демак, бу жамиятдан катта умид қилиш мумкин. Чунки мусулмон одамнинг қалбига «Қиёмат қоим бўлаётганини кўрсанг ҳам, қўлингда бир дарахт ниҳоли бўлса, уни экиб улгур», деган ҳадис муҳрланган.
Бироқ бу борада ҳам икки хил стандарт мавжудга ўхшайди: дарахт кесишга исён — пиво фестивалига эса сукут!», — дея қўшимча қилди у.
Хулоса ўрнида Муҳаммаджонова шундай деди:
«Қандай қилиб дарахтни ҳимоя қилсак, ўзлигимизга дахлдор масалаларда ҳам шундай қатъиятли бўлишимиз керак.
Мен Алишер Қодировнинг: «Дарахт ҳимоясига бирлашгандек сув, ер, энергия ресурслари, озиқ-овқат ва вақт, қолаверса ўзлигимизни исрофига қарши ҳам бирлаша олсак эди», — деган фикрларига қўшиламан».