Жунни қайта ишлаш соҳадаги маҳаллий мутахассислар Мўғулистонда ўқитилади

21.07.2025 12:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент фармонига мувофиқ, Ўзбекистон ва Мўғулистон 2025–2026 йилларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида кенг кўламли ҳамкорликни амалга оширади. Дастур ҳайвончилик, экспорт, қайта ишлаш ва таълим йўналишларини қамраб олади.

Mog'uliston

2025 йил 17 июлда Президентнинг ПҚ-225-сонли қарори билан Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат соҳасида эришилган келишувларни амалга ошириш чора-тадбирлари тасдиқланди. Ҳужжат икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни 2025–2026 йиллар давомида тубдан ривожлантиришни назарда тутади.

Жумладан, Мўғулистондан Ўзбекистонга қўй олиб кириш ва уларни кўпайтириш бўйича аниқ мақсадлар белгиланди. 2029 йилгача қўй бош сонини 1 миллионга етказиш режалаштирилган. Бу жараёнда ҳаво транспорти харажатларининг 50 фоизини қоплаш, ҚҚСни кечиктириб тўлаш ва 10 фоиз йиллик ставкага эга имтиёзли 5 йиллик кредит ажратиш каби давлат ёрдами кўзда тутилган.

Шунингдек, 2025 йил охиригача енгил саноат эҳтиёжлари учун марказлашган ҳолда юпқа жун ва кашемир импорт қилиниши белгиланган. 2026 йил охиригача эса жунни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот тайёрлаш бўйича янги корхона ташкил этилиб, бу соҳадаги маҳаллий мутахассислар Мўғулистонда ўқитилади.

Ўзбекистон Мўғулистонга мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини 10 баробарга оширишни мақсад қилган. Шунингдек, Улан-Батор шаҳрида «Ўзбекистон маҳсулотлари» ярмаркалари ташкил этилиб, ҳамкорликда савдо уйи очилади.

Дастур доирасида Мўғулистонда 15 гектарли узбек технологияларига асосланган, томчилатиб суғориладиган интенсив мевали боғ барпо этилади. Ушбу лойиҳа Агросаноатни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Қарорда 2025–2026 йилларга мўлжалланган тадбирлар «Йўл харитаси» ҳам тасдиқланган. Ҳужжат 2025 йил 19 июлда кучга кирди.