Олий таълимда қабул «аввал тест, сўнг танлов» тамойили асосида ташкил этилади

21.07.2025 13:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Президентнинг ПФ–114-сонли фармонига мувофиқ, 2025 йилдан бошлаб бакалавриатга қабул жараёнлари «аввал тест, сўнг танлов» тамойилига мувофиқлаштирилади. Шунингдек, Турин политехника университетида хорижий дастурлар асосида таълим бериш кенгайтирилади.

Abituriyent 2025Foto: UzNews

Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 19 июлдаги ПФ–114-сонли фармони билан олий таълим соҳасидаги айрим меъёрий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилди Ушбу фармон олий таълим муассасаларига қабул қилиш тизимида янгича ёндашувларни жорий этишни назарда тутади.

Эндиликда олий таълим ташкилотларининг бакалавриат босқичига ўқишга қабул қилиш жараёнлари «аввал тест, сўнг танлов» тамойили асосида амалга оширилади. Бу тизим абитуриентлар билимини биринчи навбатда тест синовлари орқали баҳолаш, кейин эса йўналиш танлаш имконини беришни кўзда тутади.

Бундан ташқари, фармонга кўра, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида таълим жараёни янада халқаролаштирилади. Энди талабалар фақат Турин политехника университети (Италия) дастурлари асосида эмас, балки бошқа нуфузли хорижий олий таълим ташкилотларининг ўқув режалари асосида ҳам таҳсил олади.

Бу ўзгаришлар мамлакат олий таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштириш ва рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга қаратилган. Мазкур чора-тадбирлар ёшларга таълим олишда тенг ва шаффоф имконият яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Президент фармонида белгиланган янгиликлар расмий нашрларда эълон қилинган ва амалиётга жорий этилмоқда.