«Камп Ноу» таъмирида кечиккан Limak Holding 202 млн евро жарима тўлайди

21.07.2025 14:07 | 4 дақиқада ўқилади.

«Барселона» клубининг стадион қурилишидаги муаммолар сабаб «Limak Holding» катта миқдорда жаримага тортилади. Қурилиш вақтида битмагани учун стадион ЕЧЛдаги 4та муҳим ўйинни қабул қила олмайди.

Camp nou

Туркиянинг «Limak Holding» компанияси «Камп Ноу» стадионини белгиланган муддатда топширолмагани учун 202 миллион евро миқдорида жарима тўлаши мумкин. Бу ҳақда Испаниянинг Marca нашри хабар берди.

2023 йил 31 январда Барселона клуби стадионни қайта қуриш ишларини расман «Limak Holding»га топширган эди. Компанияни Туркия футбол федерациясининг собиқ раиси Ниҳат Ўздемир бошқаради. Лойиҳа жорий мавсум бошига қадар якунланиши керак эди, аммо қурилишдаги кечикишлар ва рухсатнома масалалари туфайли топшириш муддати ўзгарди.

Камп Ноуда 10 август куни ўтиши керак бўлган Жоан Гампер кубоги учрашуви ҳам бошқа стадионга кўчирилди. Чунки стадион ҳали қурилиб битмаган ва шаҳар кенгашидан зарур лицензиялар ҳам олинмаган. Бу эса «Барселона» клубини катта муаммога дучор қилди: УЕФА қоидаларига кўра, клуб Чемпионлар Лигасидаги барча илк босқич ўйинларини бир хил стадионда ўташи шарт. Шу боис, 16 сентябрда бошланадиган гуруҳ босқичининг 4та учрашуви бошқа майдонларда бўлиб ўтади.

Клуб президенти Жоан Лапорта бу масалада аввалдан огоҳлантирган эди: агар 2025–2026 йилги мавсум бошигача стадион камида 70 фоиз томошабин сиғимига етиб тайёр бўлмаса, «Limak Holding» молиявий жазога тортилади.

Шартнома шартларига кўра, қурилиш белгиланган муддатдан кеч битса, ҳар бир кечиккан кун учун компания жарима тўлайди. Marca маълумотига кўра, стадион 29 ноябрда очилиши кутилмоқда ва шу кечиккан кунлар учун Лимак 202 млн евро тўлаши мумкин.

Маълумот учун, «Limak Holding» Туркияда ва халқаро миқёсда энг кўп давлат буюртмаларини олган бешта компаниядан бири ҳисобланади. У маҳаллий тендерларда миллиардлаб долларлик лойиҳаларни қўлга киритган ва кейинчалик халқаро қурилиш бозорида ҳам ўз ўрнига эга бўлган.