Европа Иттифоқи Украина товарларига қайта бож жорий қилмоқчи

08:50 | 2 дақиқада ўқилади.

Европа Иттифоқи 2025 йил 5 июндан бошлаб Украина маҳсулотларига нисбатан божхона имтиёзларини бекор қилишга тайёрланмоқда.

Ukr field

Бу имтиёзлар 2022 йилда Россиянинг Украинага қарши уюштирган кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларидан сўнг, Киев иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий этилган эди. Улар Украинадан агросаноат маҳсулотларини Евроиттифоқ бозорига божсиз ва квотасиз олиб кириш имконини берган.

Европа Комиссияси маълум қилишича, ушбу имтиёзлар муддати тугагач, Украина билан 2014 йилда имзоланган шартномага қайтиш ёки уни янгилаш режалаштирилмоқда. Агар янги келишув тайёр бўлмаса, ЕИ маълум муддат ўтиш даврини таклиф қилмоқда.

Европа фермерлари Украинадан арзон маҳсулотлар оқими сабабли норозилик билдирмоқда. Бу, айниқса, товуқ гўшти, шакар ва тухум каби маҳсулотларга тааллуқли. ЕИ бу маҳсулотлар импорти 2021–2023 йиллар орасидаги ўртача миқдордан ошса, «фавқулодда тўхтатиш» механизмларини жорий этишни режалаштирмоқда.

Украина Молия вазири Европа Иттифоқи билан имтиёзларни узайтириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бироқ, Европа Комиссияси ҳозирча бу имтиёзларни узайтиришни режалаштирмаётганини маълум қилди. ЕИ Украинадан маҳсулотлар сифати ва стандартларини Европа талабларига мослаштиришни талаб қилмоқда.

Евроиттифоф Украина учун энг йирик савдо ҳамкори бўлиб, Украина ЕИнинг агросаноат маҳсулотлари бўйича учинчи йирик таъминловчисидир. Бироқ, божхона имтиёзларининг бекор қилиниши Украина иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.