Ўзбекистонда газ ва бензин ишлаб чиқариш ҳажми пасайди

10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Автомобил бензини 14,8 фоизга камайди, газ ва нефт қазиб олишда ҳам тушиш кузатилди. Электр энергияси ишлаб чиқариш эса ўсди.

Ukraina gaz

Ўзбекистонда 2025 йилнинг биринчи ярмида бензин ва табиий газ ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада қисқарди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси эълон қилган сўнгги саноат ҳисоботида маълум қилинди.

Ярим йилда мамлакатда 488,5 трлн сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,6 фоизга кўп. Шу билан бирга, ёқилғи-энергетика соҳасида баъзи асосий кўрсаткичлар пасайган.

Хусусан, бензин ишлаб чиқариш 675,9 минг тоннага нисбатан 575,6 минг тоннага тушган — бу 14,8 фоизлик пасайишни англатади. Табиий газ қазиб олиш ҳажми эса 21,78 млрд метр кубни ташкил этиб, бу ҳам 2024 йилга нисбатан камайган. 2023 йилда ушбу кўрсаткич 23,56 млрд метр кубдан ошиқ бўлган.

Нефт қазиб олиш ҳажми ҳам пасайиб, 323,8 минг тоннадан иборат бўлди. Бир йил аввал бу рақам 364 минг тоннага тенг эди.

Шу билан бирга, айрим соҳаларда ўсиш кузатилди. Масалан, 185,6 мингта енгил автомобил ишлаб чиқарилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 8,2 мингта кўпдир. Сотувда энг катта улуш Cobalt, Damas ва Tracker каби моделларга тўғри келган.

Электр энергияси ишлаб чиқариш 6,6 фоизга ошиб, 43,5 млрд kWhга етди. Бу мамлакатдаги саноатнинг айрим сегментлари ўсишда давом этаётганини кўрсатади.