Logo

15 йиллик стажга эга шифокорларга уй сотиб олиш учун субсидия берилади

Bugun 10:163 daqiqa

Янги тартибга кўра, давлат тиббиёт муассасаларида узоқ йиллар фаолият юритган ходимларнинг ипотека асосида уй-жой харид қилишида дастлабки бадалнинг бир қисми қоплаб берилади.

15 йиллик стажга эга шифокорларга уй сотиб олиш учун субсидия берилади © totdom.com

Ўзбекистонда давлат тиббиёт муассасаларида узоқ йиллардан бери ишлаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига ипотека уйининг бошланғич тўлови учун субсидия ажратиш тартиби тасдиқланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 4 июлдан кучга кирган қарори билан “Давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларини уй-жой билан таъминлаш учун ипотека кредити асосида сотиб олинадиган уй-жойнинг дастлабки бадал тўловининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланганди.

Унга кўра, давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил ишлаган ходимларга ипотека асосида сотиб олинадиган уй-жойнинг дастлабки бадали учун субсидия ажратилади. Аввалроқ президент қарори билан бундай ходимлар учун уй-жой бошланғич тўловининг 25 фоиз қисмини қоплаб бериш белгиланган эди.

Субсидия олиш учун фуқаро Давлат хизматлари маркази ёки my.gov.uz портали орқали мурожаат қилиши мумкин. Аризани кўриб чиқишда талабгорнинг ҳозирда давлат тиббиёт муассасасида ишлаётгани ҳамда камида 15 йиллик иш стажига эга экани текширилади.

Субсидия бир оилага (эр ёки хотиндан бирига) фақат бир марта ажратилади. Талабгор яшаш жойидан қатъи назар, дастур доирасида исталган ҳудуддаги бирламчи бозордан уй-жойни ипотека кредити орқали сотиб олиши мумкин.

Субсидия ажратиш қуйидаги ҳолатларда рад этилади:

●    аризада кўрсатилган маълумотлар белгиланган мезонларга мос келмаса;

●    нотўғри ёки сохта маълумотлар тақдим этилса;

●    ариза берувчи ёки унинг турмуш ўртоғи аввал бошқа уй-жой субсидиясидан фойдаланган бўлса;

●    давлат дастурлари доирасида ипотека кредитидан фойдалангани аниқланса (2024 йил 1 майгача олинган кредитлар бундан мустасно).

Субсидия олувчилар реестрга киритилган талабгорлар орасидан тасодифий танлаш йўли билан аниқланади. Ҳар чоракда белгиланган квота доирасида 125 нафар ғолиб махсус онлайн танлов орқали танлаб олинади.

Танлов жараёни шаффофлигини таъминлаш мақсадида у Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида жонли эфирга узатилади ва ёзувлари сақланади.

Ғолиблар натижани Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинети орқали кўриши мумкин. Шунингдек, уларга субсидия ажратилгани ҳақида электрон хабарнома ва SMS юборилади.

Субсидия хабарномасини олган фуқаро уй-жой сотиб олиш учун қурилиш ташкилоти билан дастлабки шартнома тузиши мумкин.

Vaqt.uz аввалроқ 1 июлдан Ўзбекистонда «Мақсадли ипотека омонати» механизми орқали давлат субсидиясини омонатга қўйиб, қўшимча даромад олиш мумкинлиги ҳақида хабар берганди.

Омонат миқдори қайта молиялаштириладиган ипотека кредити учун талаб этиладиган дастлабки бадалнинг фуқаро ҳиссасидан кам бўлмаслиги керак. Масалан, агар уй нархининг 20 фоиз миқдорида дастлабки бадал тўлашингиз керак бўлса ва субсидия бу бадалнинг бир қисмини қопласа, қолган қисмини ўз ҳисобингиздан омонатга қўйишингиз шарт. Ушбу сумма банк томонидан тасдиқланган энг кўп кредит миқдори (ипотека дастури доирасида рухсат берилган лимит) асосида ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid