Logo

2026 йил ёзининг биринчи ойи қандай об-ҳавода ўтди?

Bugun 14:402 daqiqa

Ўзбекистонда июн ойи одатдагидан илиқроқ кечди, аммо кучли иссиқ ўрнига айрим ҳудудларда жадал ёмғирлар ва сел ҳодисалари қайд этилди.

2026 йил ёзининг биринчи ойи қандай об-ҳавода ўтди? © smartik.ru

Ўзбекистонда июнь ойида ҳаво ҳарорати ҳудудларнинг катта қисмида иқлимий меъёрдан 1−2 даража юқори бўлди. Бу ҳақда Ўзгидромет ойлик об-ҳаво таҳлилида маълум қилди.

Мутахассисларга кўра, ой давомида рекорд даражадаги иссиқ кузатилмаган. Кундузги ҳарорат асосан +31...+36 даража атрофида бўлган, энг иссиқ кунларда эса айрим ҳудудларда +42...+43 даражагача кўтарилган.

Бироқ ўтган йилги қурғоқчил июндан фарқли равишда, бу йил ёмғирлар тез-тез ёғди. Айрим ҳудудларда қисқа муддатли, лекин кучли ёғингарчиликлар кузатилиб, суткалик рекордлар янгиланди.

Ёмғирлар янги рекорд ўрнатди

3-июн куни Шоҳимардонда бир кеча-кундузда 45 миллиметр ёғин қайд этилиб, июнь ойи учун янги суткалик кўрсаткич ўрнатилди. 15-июнда Қорақалпоқ метеостанциясида 3,5 соат ичида 31 миллиметр ёмғир ёққан.

19-июн куни Самарқандда 25 дақиқада 25 миллиметр ёғин тушиб, яна бир рекорд қайд этилди. Шу билан бирга, яқин ҳудудларда ёғингарчилик умуман кузатилмаган ҳолатлар ҳам бўлган.

Кучли жала Навоий, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларининг тоғолди ҳамда тоғли ҳудудларида сел-сув тошқинларига сабаб бўлган.

Иқлим ўзгариши таъсири

Ўзгидромет маълумотларига кўра, июнь ойидаги ёғингарчиликлар асосан маҳаллий хусусиятга эга бўлган. Бир шаҳар ёки ҳудуднинг ўзида ҳам об-ҳаво кескин фарқ қилган ҳолатлар кузатилган.

Ой давомида айрим жойларда шамол тезлиги секундига 15−20 метргача кучайган, Устюртда эса 22−25 метрга етган. Шимолий, чўл ва жанубий ҳудудларда чанг бўронлари ҳам қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ июл ойи Ўзбекистонда меъёрдан анча иссиқ келиши кутилаётганлиги ҳақида маълумот берган эдик. Айрим ҳудудларда ҳарорат +45 даражагача кўтарилиши прогноз қилинмоқда.

Teglar

Mavzuga oid