
7 ойда ўзгаришларга дучор бўлаётган Тошкент бош режаси: у жиддий ҳужжатми ўзи?
21.07.2025 | 19:4051214
Бир неча йиллик муҳокамалар сўнг тасдиқланган бош режага нега бор-йўғи 7 ойда ўзгариш киритиш таклиф қилинмоқда. Бундан нима манфаат кўзланган? Саволлар кўп, масьуллар эса сукут сақлашмоқда.
Сўнгги ўн йилликда Тошкентда аҳоли сони кескин ўсиб, шаҳар меъёридан тезроқ кенгаймоқда. Расмий маълумотларга кўра, пойтахтда доимий рўйхатда турганлар сони 3,2 миллионга яқинлашган бўлса-да, тахминларга кўра ҳақиқий аҳоли сони аллақачон 5 миллиондан ошиб кетган. Бу эса шаҳар инфратузилмасининг қаттиқ зўриқишига, жамоат транспорти, соғлиқни сақлаш, таълим ва уй-жой таъминотида муаммолар юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Пойтахтда автомобиллар сони кескин ошган, кўчалардаги тирбандлик кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган. Шу билан бирга шаҳар ҳавоси йил сайин кўпроқ ифлосланиб, ҳаво ҳарорати ҳам охирги 10 йил ичида бир даражага кўтарилган. Жой танқислиги, уй-жойга бўлган талаб ва назоратсизлик ортидан ўзбошимча қурилишлар кўпайган, архитектура меъёрлари, тарихий муҳит ва яшаш сифати таҳдид остида қолмоқда.
 
«Бош режа» нимага керак?
Мана шундай шароитда «бош режа» тушунчаси кенг жамоатчилик учун ҳаётий аҳамият касб эта бошлади. У – шунчаки харитадаги лойиҳа эмас, балки шаҳарнинг 20–30 йиллик ривожланиш стратегияси, функционал ва экологик тартибни белгилаб берадиган ҳужжатдир. Бош режа орқали шаҳарнинг қанчалик кенгая олиши, қаерда яшаш, қаерда ишлаш, дам олиш ва ҳаракатланиш мумкинлиги ҳуқуқий ва меъморий жиҳатдан белгилаб қўйилади.
Тошкентнинг 2045 йилгача мўлжалланган бош режаси айнан шу масалаларга ечим топади, деб турилган бир вақтда, унинг атрофидаги муаммолар пойтахт шаҳарнинг келажагини шубҳа остига қуймоқда.
 
Узоқ кутилган бош режа
Тошкентнинг янги бош режасини ишлаб чиқиш масаласи 10 йилдан ортиқ вақт давомида муҳокамаларга сабаб бўлган. 2018 йил август ойида президент танқидидан сўнг, шаҳар ҳокимига ўша йилнинг 1 октябрига қадар бош режа концепциясининг лойиҳаси ҳамда бош режанинг ўзини ишлаб чиқиш бўйича халқаро танлов ўтказиш топширилган. Ўша пайтдаги ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса 2019 йил апрел ойига қадар бош режа концепциясини 3D форматда тайёрланиши ҳақида маълум қилган.
Лекин лойиҳа белгиланган муддатларда эмас, кечикиб 2022 йил октябрда президент Шавкат Мирзиёевга тақдим қилинганди. Уни тасдиқлаш жараёнига эса икки йилдан ортиқ вақт кетди.
Шунингдек, режанинг интерактив харитаси 2025 йил 26 май куни Қурилиш вазирлигининг расмий сайтида жойлаштирилган.
Бош режага кўра, пойтахт ҳудуди уч асосий зонага ажратилган: консервация, реконструкция ва реновация.
- Консервация зоналарида яшил ҳудудлар, тарихий объектлар ва санитар ҳимоя майдонлари сақланиб қолади, янги бино қурилиши тақиқланади.
 - Реконструкция зоналарида мавжуд инфратузилмаларни яхшилаш, жамоат жойларини ободонлаштириш ва дизайнерлик ечимларини жорий этиш кўзда тутилган.
 - Реновация зоналарида эса техник ва санитар жиҳатдан эскирган бинолар бузилиб, улар ўрнида янги иншоотлар қурилади. Шунингдек, бўш ер майдонлари ва саноат ҳудудлари ҳам қайта шакллантирилади.
 





