Logo

Адабиётшунос Иброҳим Ғофуров вафот этди

Bugun 17:442 daqiqa

Таниқли адабиётшунос, ёзувчи, мунаққид ва таржимон Иброҳим Ғофуров 88 ёшида вафот этди. У 2021-йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвонига сазовор бўлганди.

Адабиётшунос Иброҳим Ғофуров вафот этди

Ўзбекистоннинг таниқли зиёлиларидан бири, ёзувчи, таржимон, таржимашунос ва адабий танқидчи Иброҳим Ғафуров 88 ёшида вафот этди.

Иброҳим Ғофуров 1937 йил 27 декабр куни Тошкент шаҳрида ҳунарманд оиласида туғилган. Мактабни тамомлагач, 1956–1961 йилларда ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг филология факултетида таҳсил олган.

Меҳнат фаолиятини нашриёт соҳасида бошлаган адиб 1961–1982 йиллар давомида Давлат бадиий адабиёт нашриётида кичик муҳаррир, таҳририят мудири ва бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлаган. Кейинчалик 1982–1995 йилларда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида бош муҳаррир ўринбосари сифатида фаолият юритган.

Иброҳим Ғофуров мумтоз адабиёт, фолклор, адабий танқид ва бадиий таржима соҳаларида самарали ижод қилди. У «Гўзалликнинг олмос қирралари», «Жозиба», «Ёнар сўз», «Юрак-аланга», «Дил эркинлиги» каби асарлари билан китобхонлар эътиборини қозонди.

Адибнинг ижодида таржимачилик алоҳида ўрин тутади. У Фёдор Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо», «Телба», «Қиморбоз», «Ака-ука Карамазовлар» ва «Иблислар», Эрнест Хемингуэйнинг «Алвидо, қурол» ва «Чол ва денгиз», Чингиз Айтматовнинг «Қиёмат» асарларини ўзбек тилига ўгирган.

Иброҳим Ғофуров филология фанлари номзоди бўлиб, «Дўстлик» ордени соҳиби эди. Адибнинг мамлакат маданияти ва маънавияти ривожига қўшган хизматлари 2021 йилда энг юқори давлат мукофотларидан бири — «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан муносиб тақдирланган.

VAQT.UZ таҳририяти марҳумнинг оила аъзолари, яқинлари ҳамда барча адабиёт аҳлига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Teglar

Mavzuga oid