Logo

Бугун тунда «Ташаббусли бюджет»да овоз бериш бошланади

Bugun 22:272 daqiqa

Овоз бериш жараёни 31 август соат 23:59 га қадар давом этади.

Бугун тунда «Ташаббусли бюджет»да овоз бериш бошланади

Бугун, 21 август куни соат 23:59 да «Ташаббусли бюджет» доирасида саралашдан ўтган лойиҳаларга овоз бериш босқичи бошланади. Бироқ, Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳрида овоз бериш жараёни вақтинча чеклаб қўйилади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 2026 йилги 2-мавсум доирасида фуқаролар томонидан жами 23 551 та лойиҳа келиб тушган бўлиб, шулардан 20 254 таси ишчи комиссиялар томонидан саралаш босқичидан овоз бериш босқичига ўтказилган.

Фарғона шаҳридаги чеклов сабаблари

Фарғона шаҳрида айрим лойиҳалар ишчи комиссия томонидан асоссиз равишда рад этилгани маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш юзасидан сўров юборилган бўлса-да, Фарғона шаҳри ишчи комиссияси томонидан лойиҳалар қайта кўриб чиқилиши таъминланмаган. Шу муносабат билан, ишчи комиссия томонидан лойиҳалар амалдаги мезонларга мувофиқ қайта кўриб чиқилмагунга қадар Фарғона шаҳрида овоз бериш босқичи вақтинча чекланган.

Республиканинг бошқа ҳудудларида эса овоз бериш жараёни 31 август соат 23:59 га қадар давом этади.

133 та лойиҳа муддатидан олдин ғолиб деб топилди

Жорий мавсумда «Ташаббусли бюджет»да шериклик асосида ғолиб деб топилган лойиҳалар сони 133 тага етган.

Мазкур лойиҳалар қийматининг 50 фоизини маҳалла аҳолиси қоплашга рози бўлгани учун улар автоматик равишда ғолиб, деб топилди.

Эслатиб ўтилишича, мазкур шериклик лойиҳалари бўйича фуқаролар маблағларни 21 август соат 17:00 га қадар транзит ҳисобрақамларига ўтказишлари лозим бўлган.

Статистикага кўра, ғолиб бўлган энг кўп шериклик лойиҳалари Қашқадарё (35 та), Самарқанд (24 та) ва Хоразм (23 та) вилоятларига тўғри келади. Соҳалар кесимида эса асосий улушни электр энергияси (51 та), кўча чироқларини ўрнатиш (41 та) ва ички йўлларни таъмирлаш (23 та) билан боғлиқ лойиҳалар ташкил этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid